Бизга пиёдалар йўлаги керак эмасми?
Бундай савол қўйишимизнинг боиси бор, албатта. Вилоятимиздаги шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш, йўлларни таъмирлаш пайтида дарров бу савол юзага чиқади. Сабаби – Самарқанд шаҳридан бошлаб олис туманлардаги қишлоқларгача кўринг, йўлаклар йўқолиб кетган. Биров ҳовлисига қўшиб олган, кимдир панжара билан ўраб, “боғ” яратиб қўйган. Яна кўпчилик йўлакка чиқариб савдо ёки хизмат кўрсатиш дўкони қуриб олган.
Буни шу ҳудудда яшовчи аҳоли ҳам, маҳалла ҳам, борингки, ҳудуд раҳбарлари ҳам билади. Лекин ҳеч ким “Ҳой биродар, нега бундай қурилиш қиляпсан, йўлакка чиқиб кетдинг-ку” демайди. Қўшнимиз, маҳалладошимизга ёмон қўринишни истамаймиз. Натижада ўша қўшни “йўли”ни тутиб эртага иккинчиси, учинчиси шу тахлит қурилиш қилади, ҳовлиси, дарвозахонаси атрофини кенгайтириш ҳаракатига тушади. Қарабсизки, йўлак ўз-ўзидан йўқолиб кетади.
Кейин яна ўша одамларнинг ўзи тўрт киши бир бўлган даврада йўлларнинг тор бўлиб қолгани, пиёдалар юриши учун жой йўқлигидан нолиб гапиради.
Тўғриси, баъзи жойларда йўлакдан юриш кераклигини эсдан ҳам чиқариб юбордик.
Шаҳар ва туманлар марказларида эса кейинги пайтда ер, жой талашиб, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари қуриш шунчалик авж олиб кетдики, кўп ҳолларда қарор қабул қилишда қизил чизиқ, пиёдалар йўлаги, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли уй-жойларининг атрофи, деган тушунчалар эътиборга олинмаяпти.
Масалан, Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли, Гагарин кўчаларида йўлнинг икки томони ҳам автомашиналар бозорига айланиб қолган. Йўл четидаги кўп қаватли уйларнинг тагигача ресторан, кафе, савдо дўконлари қуриб ташланган. Савдо дўконлари эса маҳсулотини йўлакларга қўйиб олишга одатланган. Кейинги пайтда Амир Темур, Ўзбекистон, Фирдавсий, Али Қушчи, Сартепа кўчаларида ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда.
– Самарқандга раҳбар бўлиб келиб ҳайрон қолган ҳолатларимдан бири шу бўлдики, шаҳар ва туман марказларида ҳам, қишлоқларда ҳам пиёдалар учун йўлаклар йўқ, борлари эса талабга жавоб бермайди, – деди икки йилдан буён вилоятга ҳокимлик қилаётган Э.Турдимов яқинда ўтказилган йиғилишда. – Шаҳар ва туманлар марказларида ҳар бир қарич ер ҳисобли, шунинг учун гарчи тартибларга зид бўлса-да, бу жойлардан ҳам тадбиркорлик қилиб пул топиш мақсадида одамлар шундай йўл тутган десангиз, қишлоқларда ҳам йўлаклар эгаллаб олинган. Ҳатто, вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга йўллар четида ҳам талабга жавоб берадиган пиёдалар йўлаклари мавжуд эмас. Йўлаклар, аввало, ўзимизнинг, фарзандларимизнинг хавфсизлиги учун зарурлигини қачон англаб етамиз?
Шу кунларда Самарқанд шаҳридаги бир қатор кўчалар янги коммуникация тармоқлари тортилиши ёки таъмирланиши муносабати билан ковланган. Бу йўлларда транспорт воситалари қатнови чекланган ёки ниҳоятда тиғиз бўлиб қолган. Айрим йўлларда пиёдалар ҳаракатланиши ҳам муаммога айланмоқда. Чунки бу йўллар четида пиёдаларнинг эмин-эркин юриши учун пиёдалар йўлагининг ўзи йўқ. Мазкур ҳолатлар кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама бўлмоқда.
Икки кун олдин вилоят ҳокими Э.Турдимов вазиятни ўзи ўрганди. Кечки пайт кўчаларни пиёда айланиб, йўллар ва улар атрофидаги қурилишлар билан танишди. Эрталаб масала тегишли мутасаддилар иштирокида муҳокама этилди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоят ҳокими Самарқанд шаҳар ва Самарқанд тумани йўлларида олиб борилаётган ишларини танқид қилди. Йўлларда қазиш ишларини амалга оширишда халқ фикри ўрганилмаганлиги, ушбу юмуш билан шуғулланаётган ташкилотлар ўртасида ҳамжиҳатлик йўқлиги қайд этилди. Шу сабабли бу ишларга масъул корхона ва ташкилот раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, туман ва шаҳар ҳокимлари эса улар фаолиятини мувофиқлаштиришда хатоликларга йўл қўяётганлиги таъкидланди. Э.Турдимов қисқа фурсатларда барча кўчаларда ҳаракатланиш учун фуқароларга ҳам, ҳайдовчиларга ҳам қулайлик яратиш юзасидан топшириқлар берди.
Кейинги йилларда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари асосида юртимиздаги маҳалла ва қишлоқлар, туман марказлари замонавий кўринишга эга бўлмоқда. Ушбу ҳудудлардаги аҳоли хонадонлари дейсизми, мактаб ва тиббиёт муассасалари-ю маданият масканларими, йўллар, сув, газ, электр тармоқлари – барча-барчаси таъмирланиб, янгидан буёнд этилмоқда. Замон талабларига мос шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бу ишлар бировга кўз-кўз қилиш учун эмас, биринчи навбатда шу ҳудудда яшовчи аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг турмуш маданиятини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда шу пайтгача умуман асфальт кўрмаган, тош тўшалмаган тупроқ йўллар янгича кўринишга эга бўлмоқда. Албатта, бу йўллар четида пиёдалар йўлаклари ташкил этилмоқда.
Самарқанд шаҳрининг Фарҳод шаҳарчаси, Нурободнинг Жом, Қўшработнинг Жўш қишлоқлари, Пахтачи тумани маркази ёки бошқа туманлардаги обод қишлоқ, обод маҳаллаларнинг кечаги ва бугунги қиёфасини бир кўз олдингизга келтиринг. Қандай қулай, кўрган кўз қувонадиган манзара. Кўриб ҳавас қиламиз-ку, шундай қулайлик яратишга ўзимиз ҳам интилайлик. Ҳеч бўлмаганда бу эзгу ишга халақит қилмайлик.
Ғолиб ҲАСАНОВ.