Булунғур: Қишки кийимда - мактабда болалар ўқияпти, боғчада тарбияланувчилар ухлаяпти

Булунғур тумани мактабларида таълим сифати бошқа туман мактабларига қараганда бироз яхши. Ўтган 2018-2019 ўқув йилида 1876 нафар мактаб битирувчисининг 144 нафари (7,7 фоизи) олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, бу йил 2816 нафар битирувчидан 328 нафари, яъни 11,6 фоизи олий таълим даргоҳлари талабаси бўлди.

Ушбу кўрсаткич билан туман мактаблари вилоятда саккизинчи ўринни эгаллади. Бироқ шуниси таассуфлики, 2019-2020 ўқув йилида тумандаги 13 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга киролмади.

Бугун туман мактабларида 3229 нафар ўқитувчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 58 нафари олий тоифали ўқитувчи бўлса, 287 нафари 1-тоифа, 746 нафари 2-тоифа ва 317 нафари ўрта махсус маълумотга эга педагоглардир. Айрим мактабларда математика, рус тили, физика фанларидан ўқитувчилар етишмайди. Бундан ташқари, тасвирий санъат, технология фанларидан олий маълумотли ўқитувчилар кам.

Туманда 69 та мактаб бўлиб, улардан атиги 20 таси оптик толали интернет тизимига уланган. Шундан 19 таси ишлайди.

720 ўринли мактабда 1245 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда

Мактабларнинг моддий техник ҳолати, таълим сифати ва қиш мавсумига тайёргарлик жараёнини ўрганиш мақсадида тумандаги энг намунали 2-умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. Бу йил мактабни 110 нафар ўқувчи битирган бўлиб, улардан 35 нафари (32 фоизи) олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

- Мактабимизда 103 нафар ўқитувчи меҳнат қилади, - дейди мактаб директори Хуршид Бозоров. – Уларнинг 8 нафари олий, 24 нафари 1-тоифали ўқитувчилардир. Ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи юқорилигининг сири шунда. Бизда тажрибали, билимли ўқитувчилар кўп. Шу сабабли яқинда туман фан олимпиадасида 18 нафар ўқувчимиз юқори ўринларни эгаллаб, вилоят босқичида қатнашадиган бўлди.

Бироқ намунали мактабнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Мактаб 2016 йилда 720 ўринга мўлжаллаб қурилган бўлиб, ҳозирда бу ерда 1245 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Шундай катта мактабда фаоллар зали йўқ. Тадбирлар мактабнинг эски биносида жойлашган спорт залида ўтказилади. Эски бино реконструкция қилишга берилган, ҳозирча ундан тўгарак машғулотлари ўтказишда фойдаланилмоқда.

Қиш мавсуми учун мактабга 12 тонна кўмир, 35 тонна брикет берилган, яна 14 тонна кўмирга эҳтиёж бор.

 

Кўмир кукунини музлатиб ёқса бўлади

Саховат маҳалласида жойлашган 60-умумий ўрта таълим мактабини бу йил 20 нафар ўқувчи битирган, аммо бирортаси олий таълим муассасасига ўқишга киролмаган. Ўтган йили ҳам мактаб битирувчилари олий таълим даргоҳларига ўқишга қабул қилинмаган. 180 ўринли мактабда 284 нафар ўқувчи ўқийди. Мактабда ошхона, спорт ва фаоллар зали йўқ. Кутубхона мактабнинг 1992 йилда қурилган эски биносида жойлашган.

- Бизда доимий қатновчи транспортлар йўқ, - дейди мактаб директори Собир Ғаффоров. – Ўқитувчилар 15 километр узоқдан қатнаб ишлайди. Ошхонамиз йўқлиги сабаб, дарсдан кейин тўгарак машғулотлари ўтиш учун ўқувчиларни олиб қололмайман. Ўқитувчилар ҳам қаердадир тушлик қилиши керак, аммо шароитимиз йўқ. Яқинда айрим синфларга овозли видеокузатув камераси ўрнатдик, энди ўқитувчиларнинг қандай дарс ўтаётганини назорат қила оламан. Таълим сифатини ошириш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз. Мактаб оптик толали интернет тармоғига уланмаган бўлса-да, бино томига антенна ўрнатиб, wi-fi орқали интернетдан фойдаланишни йўлга қўйдик. 

Яна бир янгилик – мактабга берилган кўмир кукунини қандай ёқиш сири топилибди. Дастлаб кўмир кукуни устига сув қуйиб аралаштирилади, кукун ва сув музлагач, у олов устига ташланади. Қарабсизки, қаловини топсанг, қор ҳам ёнади, деганларидек, музлаган кукун ёнади. Бундай “инновация” дан бошқа мактаблар ҳам фойдаланиши учун ёзяпмиз.

Мактабнинг янги биноси 2008 йилда қурилган бўлиб, иситиш тизими фақат синфхоналарга ўрнатилган, аммо коридорга иситиш батареялари қўйилмаган. Шу сабабли хоналарни иситиш қийин кечмоқда. Синфда болалар қишки кийимларда ўтирибди. Мактабга 19 тонна кўмир берилган, яна 10 тонна кўмир керак.

40 нафар ўқувчидан бирортаси олий ўқув юртига кира олмаган

Каптархона маҳалласида жойлашган 62-умумий ўрта таълим мактабининг ҳам таълим сифати паст. 2019-2020 ўқув йилида мактабни 40 нафар ўқувчи битирган, аммо бирортаси олий таълим даргоҳларига ўқишга киролмаган. Ўтган йили ҳам 42 нафар битирувчининг ҳеч бирига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш насиб қилмаган. Ваҳоланки, мактабда ўқувчиларга таълим бераётган 40 нафар ўқитувчидан атиги бир нафари ўрта махсус маълумотга эга.

Бу ерда ҳам ўқувчи сони кўп, 240 ўринли мактабда 462 нафар бола ўқияпти. Икки томонидан йўл ўтган мактаб ҳовлиси ўралмаган, кириш жойида эски бино бузилишидан қолган тупроқ уюми мактаб кўркини бузиб турибди.

Қиш мавсуми учун мактабга 6,5 тонна кўмир, 11 тонна брикет берилган. Ўт ёқувчилар кўмир деб берилган кукунни юқоридаги сингари музлатиб, қозонхона печига ташлаяпти.

Совуқ хонада компьютерлар ишламайди

Бу галги ўрганишимиз давомида мактаб­лардаги компьютерлар созлиги ва ўқувчиларнинг ундан қай даражада фойдалана олишига эътибор қаратдик. Туман мактабларида 1325 та компьютер бўлиб, улардан 4 таси носоз ҳолатда.

2-умумий ўрта таълим мактабидаги 15 дона компьютернинг ҳаммаси ишлайди. Фақат ўқувчилар компьютерда ишлашни билмайди. Биз 11-синф ўқувчиларидан компьютерда матн ёзиб беришни сўраганимизда, улар матн териш дастурига киришни билмади. Шуниси таассуфлики, мактабларда информатика фани 5-синф­дан ўқитилар экан.

60-умумий ўрта таълим мактабида 15 дона компьютер бўлиб, информатика хонасининг совуқлиги сабаб компьютерлар ишламайди. Директорнинг айтишича, совуқда компьютер экрани ёнади, аммо ҳеч қандай буйруқни бажармайди. Кунлар исиб кетгач, компьютерлар яна ишлаб кетади. Компьютерларнинг носозлиги сабабли ўқувчиларнинг билимини текшира олмадик.

62-умумий ўрта таълим мактабида 13 дона компьютер бўлиб, информатика хонаси қулф экан. Аслида бошқа мактабларда ҳам аҳвол шундай, яъни информатика хоналаридаги компьютерлар ўқувчилар бузиб қўймаслиги учун доим қулф бўлади. Шунинг учун ҳам ўқувчилар компьютерда ишлашни билмайди. 

Шунингдек, ушбу мактабларга янги ўқув йилида лаборатория машғулотлари учун кимёвий моддалар берилмаган. 62-умумий ўрта таълим мактабида 2012 йилда берилган кимё, биология хонасидаги махсус парталар номига қўйилган, партада ўрнатилган жўмраклардан сув келмайди. Бошқа мактабларда ҳам худди шундай ҳолатни кузатдик. Демак, дарсда ўқувчилар мустақил лаборатория ишларини бажармайди, бунга имкон йўқ. Бошқа туман мактабларида ҳам аҳвол худди шундай, яъни кимё, биология, физика фанларига иккинчи даражали фандек қаралади.

Айрим мактабларда баъзи дарсликлар яқинда берилибди. Ваҳоланки, 2-чоракнинг ўртасигача қанча мавзулар ўтилди? Бу каби муаммолар ўқувчиларнинг дарсларга қизиқишини сусайтирмайдими?

 

Нега зиёли ота-оналарнинг фарзандлари мактабда яхши ўқийди?

- Таълим сифатини ошириш учун, аввало, ўқитувчиларнинг салоҳиятини оширишимиз керак, - дейди туман халқ таълими бўлими мудираси Замира Алиқулова. – Ўқитувчи қанчалик билимли, маҳоратли бўлса, ўз устида ишласа, у фанни ўқувчига етказиб бера олади. Шунинг учун ҳам имкони бор ота-оналар боласини салоҳиятли ўқитувчиларга, яъни репетиторларга ўқитяпти. Агар мактаб ўқитувчиларининг ҳаммаси ўз фанини яхши ўқита олганида, ҳеч ким репетиторга эҳтиёж сезмасди, ота-оналарнинг ҳам пули тежаларди. Бугун мактабларда фанларни тўлиқ ўзлаштириш учун фан тўгараклари ташкил этиляпти. Шунингдек, ўқитувчиларнинг сифатли таълим беришга бўлган талабни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатлари ҳам педагогларнинг ўз устида самарали ишлашини таъминлайди. 

Бундан ташқари, ота-оналар ҳам фарзандининг эртанги келажаги учун қайғуриши, доим дарс тайёрлашини назорат қилиб туриши лозим. Эътибор берганмисиз, нега зиёли ота-оналарнинг фарзандлари мактабда яхши ўқийди? Сабаби, бундай оила фарзандлари ҳамиша назорат остида бўлади. Баъзи ота-оналар эса ўқиганингда ким бўлардинг, деб боласининг ўқишига бефарқ қарайди. Фарзандининг ўқишдан кўра, уй юмушларини бажаришини истайди. 

- Ўқитувчилар ўртасида рақобатнинг йўқлиги ҳам таълим сифатининг пасайиб кетишига сабаб бўлди, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Азизжон Жабборов. – Айрим мактабларда мутахассис ўқитувчи атиги битта. Агар бир фандан олий маълумотли ўқитувчилар кўп бўлса, уларнинг энг билимлиси саралаб олинарди. Аммо ҳали бундай натижага эришганимиз йўқ. Йиллар ўтиб, олий маълумотли педагоглар сони кўпайса, ўқитувчилар ўртасида рақобат шаклланса, таълим сифати ҳам ошади.

 

Халқ таълими раҳбарлари мажлисбозликдан ортяптими?

Яна бир гап. Пандемия сабаб жойларда Zoom дастури орқали мажлис ўтказиш урфга кирди. Айниқса, бундай мажлисбозлик туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида жуда кўп кузатиляпти. Ҳар сафар бирор туманга борсак, туман халқ таълими бўлими раҳбарлари онлайн мажлисда ўтирган бўлади. Булунғур туманига сафаримиз чоғида ҳам худди шундай аҳвол такрорланди, яъни эрталаб халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Азизжон Жабборовни онлайн мажлисда учратдик. Мактабларни айланиб, кечки пайт келсак, яна бошқа онлайн мажлисда ўтирганига гувоҳ бўлдик. Хўш, бундай мажлисбозлик таълим сифатини қанчалик оширади? Халқ таълими раҳбарлари мажлисбозликдан ортиб қачон ўз вазифасини бажаради?

 

Боғчаларда аҳвол қандай?

Сафаримиз давомида тумандаги мактабгача таълим ташкилотларининг қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолатига ҳам эътибор қаратдик. Туманда 29 та давлат МТТ бўлиб, шундан 23 таси фаолият юритади. Шунингдек, 4 та давлат хусусий шериклик асосидаги, 2 та нодавлат ва 65 та оилавий МТТ мавжуд. Ушбу мактабгача таълим ташкилотлари тумандаги 3-7 ёшли болаларнинг 9988 нафарини қамраб олган. Туманда боғча ёшидаги болалар 17433 нафарни ташкил этади.

Боғчаларга 69 тонна кўмир, 105 тонна брикет тарқатилган, яна 226 тонна кўмир олишга ариза берилган.

20-сонли мактабгача таълим ташкилоти 150 ўринли бўлиб, 105 нафар бола қатнар экан, 70 нафар бола онлайн тарбияланмоқда. Икки қаватли болалар боғчаси 2019 йилда қурилган бўлиб, барча шарт-шароитлар мавжуд. Хоналар замонавий жиҳозланган, иситиш тизими яхши ишлаяпти, хоналар иссиқ. Болалар енгил кийимда машғулотлар бажаряпти. 

- Боғчамизга Зарафшон, Гулобод, Қўнғирот, Каттақуёнчи, Қорақўнғирот маҳаллаларидан болалар қатнайди, - деди боғча мудираси Гулноза Умарова. – Боғча ёшидаги болалар сони шунчалик кўпки, атрофимизда яна шундай боғча қурилса, у ҳам тўлади.

6-сонли мактабгача таълим ташкилотининг филиали ҳам замонавий жиҳозланган бўлиб, боғчага 82 нафар бола қатнайди. Хоналар иссиқ, иситиш тизими яхши ишлаяпти. Аммо ҳамма боғчада ҳам иссиқлик тизими талаб даражасида эмас.

Қирқшоди маҳалласида жойлашган 22-сонли мактабгача таълим ташкилоти 140 ўринли бўлиб, бугунги кунда боғчага 75 нафар бола қатнайди. Биз боғчага тушликдан сўнг, болалар ухлаб ётган пайтда бордик. Ётоқхонада болалар иссиқ кийим-бош билан ухлаб ётганига гувоҳ бўлдик. Негаки, боғчада иситиш тизими ишламаяпти, шу сабабли ечиниш хонаси, машғулотлар хонаси ва ётоқхона совуқ.

Ваҳоланки, боғчадаги қозонхонада кўмир ёняпти, аммо иссиқлик хоналарга етиб бормаяпти. Сабаби, 2017 йилда капитал таъмирланган боғчада 2 та қозонхона қурилган, аслида 6 та қозонхона керак экан. Наҳотки 3 йилдан буён ушбу муаммони мутасадди раҳбарлар бартараф этмаётган бўлса.

Хуллас, тумандаги мактаб ва боғчалар бугунги шароитдан келиб чиқиб, имкон қадар ишлаяпти. Аммо ҳамма жойда ҳам ишга масъулият билан ёндашилмаяпти. Айниқса, биноларни қишга тайёрлаш, иситиш ишларига ҳамма раҳбарлар ҳам эътибор қаратмаган. Ёки эътибор қилса-да бунга имконият тополмаяпти.

Мана шундай пайтда тизим раҳбарлари, секторлар бошлиқлари педагогларга яқиндан ёрдам берса яхши бўларди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото),

«Зарафшон» мухбирлари.