Даласига бормаган, ерни суймаган деҳқон фермер бўлолмайди

Норхол ҚУРБОНОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, Пахтачи туманидаги «Ғаллакор» фермер хўжалиги бошлиғи:

- Яратганга шукур, саксон ёшни қаршиладим. 66 йилдан бери пахтачиликда бригада бошлиғи, фермер хўжалиги раҳбари бўлиб ишлаб келяпман. Шу йиллар давомида пахтачиликда ҳосилдорлик гектар ҳисобига 45 центнердан кўп бўлса бўлганки, кам бўлмаган. Ғалла ҳосилдорлиги 75 центнердан пастга тушмайди.

Бунинг асосий сабаби – ерга, касбимга бўлган ҳурматим, эътиқодим. Ҳозир «MAGNUM» билан ерни борона қилдиряпман, уч-тўрт кунда чигит экамиз. Ундан олдин 60 гектар майдонга 100 машина бегона тупроқ солдик. Зовур, ариқ бўйларидан, катлавонлардан чиққан тупроқлардан келтириб тўкдик. Бунинг ерга фойдаси катта. Биринчидан, минерал ўғит қиммат, иккинчидан, бегона тупроқ аралашгач, чигит экиладиган майдон қуввати икки баробар ошади.

50 гектар ғалламиз ҳам бор. Хўжалигимизда 70 киши ишлайди, маош олади. Муҳими, ўзим ишлайман, тонгдан кечгача ишчиларим ёнида бўламан. Иш бошқарувчи қўйиб, ўзи уйида ё кабинетида ўтирган фермерларга маслаҳатим шу: унутманглар, даласига бормаган, ерни суймаган деҳқон фермер бўлолмайди.