Давлат газетаси хусусий тадбиркор ихтиёрига ўтса, нима бўлади?
Шу йил 26 февраль куни ижтимоий тармоқларда мамлакатимиз Президентининг “Иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси бошқалардан кўра биз, журналистлар, давлат тасарруфида бўлган босма нашрлар ходимларини бошдан дўппини олиб ўйлашга мажбур этди. Нега дейсизми?
Ўйлаб кўринг, лойиҳада 900 дан ортиқ давлат улуши бўлган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ҳатто маънавият соҳасида фаолият юритаётган матбуот нашрларини хусусийлаштириш таклифи ўртага ташланган. Улар орасида буюм ва деҳқон бозори ҳам, банкрот ҳолатига келган ишлаб чиқариш корхоналари ҳам бор. Айтинг-чи, бугун давлатдан бир тийин ҳам таъма қилмайдиган – ўз кунини бир амаллаб ўтказаётган газета таҳририяти билан кунлик тушумнинг бир қисмини ҳамёнига ураётган “бозорчилар” ёки аллақачон корхонасини кемириб бўлган “тадбиркор”га бир хил талаб қўйиш адолатданми?
Биз босма нашрларнинг хусусийлаштирилиши тарафдоримиз. Бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. Аммо мақсад давлат улуши бўлган корхоналарни хусусийлаштириш экан, бу талабни энг аввало, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналари олдига қўйиш мақбул эмасми? Таҳририятларни хусусийлаштириш орқали уларнинг фаолияти тўхтаб қолиши мумкинлиги кўплаб ижодкорларни ташвишга солмоқда. Таҳририятлар хусусийлаштирилганда уларнинг асосий фаолияти, яъни газета чоп этиш даврийлиги давом этишига ҳеч ким кафолат бермайди. Негаки, тадбиркор фойдаси бўлмайдиган бизнес билан шуғулланишни хоҳламайди. Бу борада тадбиркорнинг зиммасига бирор масъулият юклаш керак, назаримизда. Илгари хусусийлаштирилган кинотеатрлардан унинг эгалари бошқа мақсадларда фойдаланганини бир эсланг.
Қарор лойиҳасидаги рўйхатга Республика Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари муассислигида чоп этилаётган газеталар тўлиқ киритилмаган. Бунинг сабаби нимада? Биргина, Самарқанд вилоятида бугун фаолият юритаётган вилоят, шаҳар, туман босма нашрларининг ярми рўйхатдан тушиб қолган. Хусусан, рўйхатда бўлмаган “Овози Самарқанд”, “Ургут садоси”, “Булунғур ҳаёти”, “Паст Дарғом ҳақиқати”, “Нуробод”, “Каттақўрғон ҳақиқати”, “Каттақўрғон тонги”, “Истиқбол сари” ва “Пахтакор овози” газеталарининг кейинги тақдири нима бўлади?
Бундан 7-8 йил муқаддам босма ахборот нашрлари қайта рўйхатга олинганида уларнинг айримлари “Давлат корхонаси”га айлантирилган. Ҳолбуки, 3-4 та компьютердан бошқа техник воситага эга бўлмаган таҳририятда нима ва қандай маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин? Нега газеталар таҳририятлари ишлаб чиқариш корхонаси қаторида Давлат рўйхатига олинган ва давлат корхонаси бўлишидан маъно нима, деган савол муаммо сифатида ўртага ташланади. Газеталар фаолияти ва назорати хусусий тадбиркор қўлига ўтса, аввало, ҳар бир таҳририятда узоқ йиллар мобайнида таркиб топган ва анъанага айланган ижодий муҳит ҳамда ижодкорларнинг тақдири нима бўлади? Тадбиркор албатта, фойда кўришни истайди. Таҳририятнинг йилни фойда билан якунлаши жуда мушкул масала. Шу ўринда тадбиркор ва ижодкорнинг фаолиятини бирлаштириш кутилган натижани беради, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Лойиҳада мамлакат бўйича фақатгина 4 та газета давлат томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Улар янги қонунлар, Президентнинг қарор ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа тегишли юқори органларнинг кўрсатмаларини омма ўртасида тарғиб ва ташвиқ этиш учун етарли имкониятга эгами?
Қарор лойиҳасини муҳокама этиш учун жуда қисқа муддат белгиланганлиги хусусийлаштирилиши кўзланаётган газеталар таҳририятларининг минглаб ижодий ва техник ходимлари тақдирига дахлдор бўлган ҳужжат айнан уларнинг фаолиятида муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини кўз олдимизга келтирайлик.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
Қувондиқ ХАЛИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари.