Давлат идораларига ишончи бўлган халқда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ошади
Самарқанд вилоят Матбуот уйида Президентимизнинг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғисида»ги фармони ижросига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида вилоят адлия бошқармаси мутасаддилари ҳамда журналистлар ана шундай хулосага келишди.
- Кейинги йилларда аҳоли мурожаатларини қабул қилиш бўйича давлатимиз раҳбарининг виртуал қабулхоналари, халқ қабулхоналари, қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, ҳукумат ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг одамлар билан очиқ мулоқот қилиш тизимларининг яратилгани халқимизнинг ҳуқуқий онги юксалишига хизмат қилмоқда, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳ.Хўжамқулов. – Тўғри, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир меъёрий ҳужжат ёки концепция илгари ҳам мавжуд эди. Аммо бу борадаги саъй-ҳаракатлар фақат ҳисобот учунгина қилингани, ёлғон рақамлар билан «бойитилиб» келингани боис бу тизим ўзини оқламади. Бугун Президентимизнинг юқорида таъкидланган фармони ва бу бўйича ишлаб чиқилган Концепцияда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Энди барча вазирлик ва идоралар раҳбарлари Концепцияда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади. Адлия вазирлиги жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.
Вилоят мисолида оладиган бўлсак, ушбу фармон ижросини таъминлаш бўйича вилоятдаги 17 идора ва ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳи шакллантирилиб, 16 банддан иборат «Йўл харитаси»ни тасдиқлаб олдик. Телеграмм тармоғида «Ҳуқуқий онг - тарғибот» гуруҳини очиб, унга бошқарма томонидан барча тарғибот материаллари электрон шаклда жойлаштириб борилмоқда. Жойлардаги адлия бўлимлари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллалар, муассасалар, ёшлар иттифоқи тузилмалари, ҳарбий қисмлар ва бошқа жамоат ташкилотларида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари мунтазам ўтказилмоқда.
Тадбирда ҳуқуқий маданиятни тарғиб этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни алоҳида эканлиги назарда тутилиб, ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, суд-ҳуқуқ тизимида татбиқ этилаётган янгилик ҳамда ислоҳотларни биргаликда ёритиб боришга келишиб олинди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.