«Дум»га михланган «Динамо»
«Қизилқум» - «Динамо» ўйинининг иккинчи бўлимини кўришга бардошим етмади. Чунки, биринчи бўлимдаёқ турнир жадвалининг «дум»ига маҳкам ўрнашиб олган «Динамо»чиларнинг навбатдаги мағлубиятни қабул қилиб олиши аниқ бўлиб улгурган эди.
Бу йил Суперлигага қайтиб, мухлисларда умид учқунларини уйғотган жамоамиз, афсуски, чемпионат баҳсларининг бошланиши биланоқ охирги ўринни банд этиб, бугунгача ҳеч кимга бермай келмоқда. Хўш, ким айбдор? «Динамо»нинг уқувсиз раҳбарларими ёки мураббийларми? Бу шармандалик қачонгача давом этади?
Шу ўринда фикр-мулоҳазаларни айтиб ўтсак. Ўтган йили «Динамо»ни Суперлигага олиб чиққан Ҳаким Фузайловни ишдан бўшатиш билан ҳозирги муваффақиятсизликларга тамал тоши қўйилди чамамда. Вилоят футболига масъул кимдир Ҳ.Фузайловни Суперлигада «Динамо» билан муваффақият қозонишига ишонмади шекилли, хориждан мураббий ва легионерлар олиб келинди. Албатта, булар ўз-ўзидан бўлмайди. Натижа қандай бўлгани ҳаммага аён. Аввал легионер мураббий, кейин унинг ўрнига тайинланган А.Шипилов ҳам қониқарсиз натижалар учун истеъфога чиқарилиб, бир мавсумнинг ўзида учинчи мураббий - Вадим Абрамов тайинланди. Аҳвол эса ўша-ўша, кетма-кет мағлубиятлар. Лекин, бир нарса аниқки, Абрамов жамоани Суперлигада олиб қола олмаса, ўзини оқлаши тайин, яъни “Бу таркибни мен тузганим йўқ, жамоада мени дидимдаги футболчилар йўқ» дейиши мумкин. Бундан уч йил олдин ҳам «Динамо» Суперлигада кетма-кет ўн икки ўйинда мағлуб бўлиб, Суперлига антирекордини ўрнатган эди.
Қўшниларимиз - «Насаф», «Сўғдиёна», «Қизилқум» чемпионлик учун курашаётган бир пайтда «Динамо»нинг турнир жадвалининг охирида бўлиши ачинарли, албатта. Кейинги 5-10 йилда У.Бақоев, Б.Ашурматов, Д.Файзиев, В.Карпенко, Т.Копадзе сингари собиқ футболчилар мураббийликда маълум бир муваффақиятларга эришаётган пайтда, нега Самарқанддан бирорта мураббий чиқмади? Нега жамоа раҳбарлари, вилоят футбол ассоциациясидагилар бу ҳақда бош қотирмайди? Ахир четдан келган мураббий салгина қийинчиликка дуч келса, қочиб кетиши аниқку. Мураббийликка қизиқиши ва ҳаракати бор собиқ футболчиларга эътибор бериб мураббийликка ўқитиб, жамоани ишониб топширса, натижа бўлади-ку?
Савол туғилади, хўш, вилоятдаги футбол мактаблари кейинги 4-5 йилда «Динамо»га нечта футболчи етиштириб берди? Ҳар йили футбол мактабларини битириб чиққанлар тақдири нима бўляпти? Вилоят футболига масъул ташкилот раҳбарлари футбол мактаблари ҳолатидан хабардорми? Ёш футболчилар шуғулланиши учун шароит борми? Вилоятда футболга эътибор сустлиги, «Динамо»нинг кетма-кет шармандаларча мағлубияти учун кимдир жавоб берадими? Ёки бу мураббийни олиб келдик, буниси олиб келдик, натижа қилолмади, деб ўзларини оқлашадими?
«Насаф»га қаранг. Ҳар йили 4-5 футболчиси легионер бўлади ёки «Пахтакор»га ўтади, уларнинг ўрни «Насаф» академиясидаги ёш иқтидорлар билан тўлдирилади. Уларда тизим тўғри йўлга қўйилган, вилоят футболи раҳбарлари фидойи, ҳақиқий мутахассислар. Рўзиқул Бердиев бор, у қашқадарёлик, «Насаф» учун жон куйдиради. «Сўғдиёна» ёки «Қизилқум»ни олайлик. Икки-уч йил олдин ушбу жамоалар ҳам Суперлигада жон сақлаш учун курашарди. Раҳбариятга муносиб кадрлар қўйилди, мана натижа. Бир доно гап бор: ҳамма нарсани малакали кадрлар ҳал қилади. Ҳақиқий мутахассис, малакали кадрни жойга қўйинг, натижа ўз-ўзидан келаверади. Самарқанддан ҳам яхши савиядаги мураббийлар чиқмас экан, қўнимсизликлар ва муваффақиятсизликлар давом этаверади. Четдан келган мураббий ёки футболчилар маблағда сал узилиш бўлса, қочиб кетиши кундай равшан.
Футбол миллионлар ўйини. «Динамо» ғалаба қозонса, мухлислар кўчасида, уйида байрам. Ишда унумдорлик ошади, кайфият кўтарилади. Буни “динамо”чилар билиши керак.
Шукрулло СИРОЖЕВ.