Дунё илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган олийгоҳ
Мамлакатимиз илм-фани ва маданияти жаҳонга танилишида Самарқанд давлат университетининг ўрни беқиёс. СамДУ Марказий Осиёдаги энг қадимги ва йирик олий таълим муассасаларидан бири сифатида расман ХХ асрнинг бошларидан фаолият кўрсатаётган бўлса-да, унинг тарихий илдизлари Мирзо Улуғбек даврига — Мирзо Улуғбек Олий мадрасасига бориб тақалади (ХV аср). Дунё илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган бу олийгоҳ ўша даврларда оламда тенги йўқ Расадхонаси, Темурийлар номи билан машҳур йирик кутубхонаси билан жаҳонга донғи кетганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.
Мен ўзимнинг «Темурийлар кутубхонасининг сири» (“Янги аср авлоди, 2016 йил) номли детектив қиссам орқали Султон Мирзо Улуғбекнинг шахсан ўзи мудирлик қилган ана шу машҳур кутубхона, унинг ташкил топиши, китоб фондининг бойитилиши ва ниҳоят унинг жаҳолат ва хурофот кучлари томонидан йўқ қилинишининг олдини олиш мақсадида подшоҳнинг топшириғи билан Али Қушчи томонидан яширилиши билан боғлиқ тарихий воқеаларга жамоатчилик эътиборини қаратиб, Падаркуш тоғи бағрида яшириниб ётган ушбу бебаҳо кутубхонани излаб топиш масаласини кўтаргандим...
Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби буюк алломалар томонидан бунёд этилган бу улкан илм дарахти беш юз йил давомида неча марта чопилди, шохларига неча бора болта урилди. Аммо унинг бақувват, учи ирфон сувига бориб етган томирини қуритиш ҳеч кимнинг қўлидан келмади. Ва ниҳоят ўтган асрнинг 20-йилларида ана шу йўғон томирлар устида янги дорилфунун барпо этилди.
Бу муборак таълим даргоҳи ўзининг фаолияти давомида бир неча юз минглаб юқори малакали мутахассисларни етказиб берди. Иброҳим Мўминов, Султон Умаров, Убай Орипов, Яҳё Ғуломов, Оловуддин Баҳовуддинов, Воҳид Абдуллаев, Акбар Отахўжаев, Акобир Адҳамов, Тошпўлат Ширинқулов, Ботурхон Валихўжаев, Сайид Шермуҳаммедов, Шавкат Воҳидов, Толиб Мўминов, Мухсин Ашуров каби академик олимлар, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Усмон Носир, Ҳабиб Юсуфий, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор каби ўнлаб ижодкорлар ҳамда давлат, маданият ва фан арбоблари мана шу университетда вояга етганлар мўътабар зотларнинг камгина қисми холос.
Кейинги йилларда университетнинг нуфузини янада кўтариш, унинг мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш борасидаги халқаро рейтингини ошириш борасида катта ишлар қилинмоқда. Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 июлдаги қарорига асосан 2018-2021 йилларда Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастурда университет олдига мамлакат иқтисодиёти ривожланишини таъминловчи фан ва техника соҳалари бўйича фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш билан бирга Марказий Осиё ҳудудида фаолият юритган алломаларнинг ислом маданиятига қўшган ҳиссаси, илм-фанга доир қўлёзмалари, нодир китоблари ва бошқа қадимий манбаларни, чет эллик мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш орқали уларнинг илм-фан ҳамда таълим тараққиётидаги ўрни ва тарихини кенг тарғиб қилиш асосий вазифалар қўйилган. Шу ўринда юртимиз заминида бекиниб, авлодларини муштоқ бўлиб кутиб ётган бебаҳо хазина машҳур Темурийлар кутубхонасини топиш ва уни ўрганиш ана шу дастурнинг бош мақсадларидан бири бўлишига умид қиламиз.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосан, Самарқанд давлат университетини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Rankingof World Universities) рейтингининг биринчи 500 та ўриндаги ОТМ рўйхатига киритиш вазифаси белгилаб берилди. Бу ҳам университет олдига қўйилган улкан вазифа ва юксак ишончдир. 2020 йил 29 апрелда олий таълим фаолияти билан боғлиқ яна бир янгилик бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Самарқанд давлат университетларида юридик факультет ташкил этилиб, жорий йилдан «юриспруденция» йўналиши бўйича талабалар қабул қилиш бошланди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2020 йил 26 июндаги «Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейини нишонлаш тўғрисида»ги қарори университетнинг халқаро нуфузини кўтаришда муҳим қадам бўлди. Бугун юртимиз жамоатчилиги, илм аҳли томонидан мамнуният билан қарши олинган тарихий қарор янги Ўзбекистон илм-фани, маданияти ва тарихига янгича қарашни шакллантиришда муҳим қадам бўлади.
Мен ҳам ана шу улуғ даргоҳда илм олган кўп сонли битирувчилар номидан дорилфунунни 600 йиллик қутлуғ ёши билан табриклаб, яқин йилларда унинг Ҳарвард, Оксфорд, Кембридж каби салоҳиятли университетлар қаторидан ўрин олишига умид қиламан.
Комил Синдоров,
юридик фанлар доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси, ёзувчи.