Электр таъминотидаги узилишлар сабаб кейинги 4 кунда вилоят диспетчерлик штабига 502 та мурожаат қабул қилинди
Қишнинг совуғи кучайиб борган сайин аҳолининг коммунал хизматларга, айниқса, табиий газ, электр энергиясига нисбатан талаби ошиб бормоқда.
Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 23-26 ноябрь кунлари «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида фаолият олиб бораётган диспетчерлик штабига аҳолидан 502 та мурожаат қабул қилинган. Шаҳар ва туманлардаги ҳудудий электр тармоқлари идораларининг тезкор авария бригадалари томонидан 50 та ҳолат бўйича билдирилган масалалар ижобий ҳал этилган.
Жумладан, Паст Дарғом туманидаги Зангибойи маҳалласида яшовчи аҳолидан электр энергиясида тез-тез узилишлар бўлаётганлиги ҳақида 20 дан зиёд мурожаат бўлган. Корхона мутахассисларининг ўрганишлари натижасида маҳалла марказидаги подстанциянинг эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги, электр симларининг пала-партиш тортилганлиги сабаб муаммолар келиб чиққан. Туман ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳаракати натижасида ушбу маҳалланинг 2 километр юқори кучланишли, 3 километр паст кучланишли электр тармоқлари янгидан тортилиб, замонавий подстанция ўрнатилди.
Афсуски, вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманлари аҳолисидан ҳам бу каби шикоятлар кўплаб келмоқда. Бу эса «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти мутасаддиларига катта масъулият юклайди.
Сизда ҳам электр энергияси масаласида шикоятлар бўлса, 1156 қисқа телефон рақами орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.