Эргаш Жуманбулбул ўғли - Қўрғон достончилиги мактаби намояндаси
Эргаш Жуманбулбул ўғли 1868 йилда Қўшработ тумани Қўрғон қишлоғида туғилган, ўзбек халқ шоири, достончи.
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг улкан шоир-достончи бўлиб етишишида оиласи ва қишлоғидаги бой адабий муҳит катта роль ўйнаган. Достончилик таълимини отаси Жуманбулбулдан олган.
Жуманбулбул ота ўғли Эргашнинг ўқиш-ўрганиши, билим олишига катта эътибор берган. 1884—1886 йилларда Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиб, форс тилини ўрганган, араб тили билан танишган, ҳуснихат машқ қилган. Навоий, Фузулий, Ҳофиз, Бедил, Машраб, Маҳтумқули асарларини мутолаа қилган.
Қишлоғига қайтиб, мустақил ўқиш, достончиликда маҳоратини ошириш билан шуғулланган.
Замон зайли билан у 1912—1922 йилларда Булунғур, Ғаллаорол, Ургут туманлари, Жиззах ва Панжакент атрофидаги қишлоқларда табиблик, қиссахонлик, шеърхонлик қилиб юрган, достонлар куйлаган. 1923 йилда қишлоғига қайтган.1937 йил апрель охирларида қишлоғига қайтиб вафот этган.
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ижоди, репертуари бой ва ранг-баранг. Шоир «Кунтуғмиш», «Якка Аҳмад», «Алибек билан Болибек», «Далли», «Равшан», «Қундуз билан Юлдуз», «Хушкелди», «Холдорхон», «Қиз Жибек», «Гўрўғлининг туғилиши», «Ҳасанхон», «Авазхон», «Авазнинг Фарангга сафари», «Нурали», «Хиромон» («Жаҳонгир»), «Алпомиш», «Юсуф билан Аҳмад», «Тулумбий», «Қиронхон», «Қумри», «Ошиқ Ғариб», «Вомиқ билан Узро», «Варқа билан Гулшоҳ», «Махтумқули» каби 30 га яқин достонларни, жуда кўп термаларни ёд билган. Булардан дастлабки 9 та достон, «Ойсулув» достонининг мазмуни, кўпгина анъанавий ва замонавий термалар, ўзидан аввал ўтган бахшилар ва достончилик санъати ҳақида маълумотлар Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ўзидан ёзиб олинган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли халқ достонларининг барча жанрларидан намуналар билган. Достонларнинг ғоявийлиги, халқчиллиги, бадиий гўзаллиги учун курашган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли анъанавий достон ва термаларни куйлаб келиш билан бирга ўзи ҳам баракали ижод қилган. Унинг «Таржимаи ҳол» достони, «Келдим», «Тошкент таърифида», «Қизил», «Турсуной», «Охунбобоев», «Ғози Олим», «Отажон Ҳошим», «Шоирларга раҳбар Ҳоди», «Эшон», «Асов қизлар» каби термалари эътиборга молик.