Футбол фестивали баҳонасида ОАВ ходимлари Самарқанд туманидаги янгилик ва ўзгаришларга гувоҳ бўлди

Хабар берганимиздек, кеча, 28 май куни Самарқанд туманида ташкил этилган оммавий ахборот воситалари, ахборот хизмати ходимлари ҳамда блогерлар иштирокидаги футбол фестивали пресс-тур билан бошланди. Иштирокчилар икки гуруҳга бўлиниб, туманнинг айрим корхона ва ташкилотлари фаолияти билан танишди.

Биринчи гуруҳнинг илк манзили Гулобод маҳалласида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган "KAMELOT" мактабгача таълим ташкилоти бўлди.

- Бу ерда машғулотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади, - дейди муассаса масъули Анжелика Исломова. - 150 ўринли боғчамизда 30 нафар ходим меҳнат қилмоқда, шундан 15 нафари педагог. Ҳар бир педагогимиз белгиланган талаблар асосида саралаб олинган. Уларнинг маҳоратини ошириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Боғчада яратилган шароит эътирофга лойиқ. Эътиборлиси, ҳар бир хонага ўрнатилган кузатув камералари ота-оналарга фарзанди вақтини қандай ўтказаётганлиги, машғулотлар қандай ташкил этилаётганини кўриш имконини беради.

“Samrin Trade” масъулияти чекланган жамияти қадоқланган қуруқ меваларни хорижга экспорт қилиш билан шуғулланади.

Корхона иш юритувчиси Абдувоҳид Ҳусаиновнинг айтишича, бу ерда бутун вилоятимиздан тўпланган мевалар бирламчи қайта ишловдан ўтказилиб, қадоқланади. Ўтган йили корхона Европа давлатларига қиймати 7 миллиард сўмга тенг бўлган 5 минг тоннага яқин қуруқ мева экспорт қилган.

-  Икки йилдан буён шу ерда ишлайман, - дейди ургутлик Дурдона Умарова. - Ойлик маошим ёмон эмас, тушлик, ишга келиб-кетиш учун бепул транспорт ташкил қилинган. Ишим ўзимга маъқул. Асосийси, раҳбарият бизни доим қўллаб-қуватлаб туради. Бу ерда мен каби бошқа тумандан қатнаб ишлаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

Корхона бир жойда тўхтаб тургани йўқ, унинг фаолиятини кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, яқин орада Ургут туманида ҳам унинг филиалини ишга тушириш режалаштирилган.

Туманнинг яна бир истиқболли ёш ишбилармони – Фахриддин Тожиев ўз хонадонида жалюзи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, 20 нафар маҳалла ёшларини иш билан таъминлаган.

Ўрташиқ маҳалласида жойлашган “Самарқанд Нерж” масъулияти чекланган жамиятида зангламайдиган металлдан турли буюмлар ва декоратив шакллар тайёрланади.

- Биз хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишлаймиз, - дейди корхона раҳбари Фурқат Исаев. - Ходимларимизнинг деярли барчаси ёшлар, орасида талабалар ҳам бор. Улар дарсдан бўш вақтида келиб иш ўрганади, меҳнатига яраша ҳақ ҳам олади.

Фурқат Исаевнинг маълум қилишича, корхона фаолиятини кенгайтириш учун тижорат банкидан 2 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиши кутилмоқда. Агар бу ғоя амалга оширилса, яна 20 нафар ёш иш билан таъминланади.

Иккинчи гуруҳ дастлаб туманнинг Найман маҳалласида жойлашган ''Самарқанд пойабзал класс''  Ўзбекистон Туркия қўшма корхонасида бўлди.

Тадбиркор Асқар Камолов бундан 12 йил аввал пойабзал ишлаб чиқариш корхонасини ташкил қилган. Олти киши билан иш бошлаган мазкур масъулияти чекланган жамият орадан 2 йил ўтиб, қўшма корхонага айлантирилди.

- Бугунги кунда корхонамизда 200 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади, - дейди Асқар Камолов. - Корхонада 150 нафардан ортиқ ишчи фаолият юритади. Жорий йилнинг шу даврига қадар 60 минг долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилдик. Йил охиригача яна Туркия, Россия, Тожикистон ва бошқа хориж мамлакатларига 500 минг доллар маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, иккинчи гуруҳ 4 хил рангдаги помидор етиштираётган ёш тадбиркор Отабек Умуров фаолияти билан танишди. У 25 сотих майдондаги иссиқхоналарда помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштиряпти. Тадбиркорнинг айтишича,  қизил, қора, сариқ ва пушти рангдаги помидорларнинг харидори кўп. Тадбиркор 20 га яқин тенгдошларини иш билан таъминлаган.

Пресс-тур туманнинг Хўжа Аҳрор Вали мажмуаси Нодир Девонбеги мадрасасидаги байрам тадбирларига уланиб кетди. Бу ерда туман “Баркамол авлод” маркази ўқувчилари, уста-ҳунарманд, ижодкор ёшларнинг ишланмалари кўргазмаси намойиш этилди.

- Шогирдларим 6 йилдан буён республика миқёсида ўтказилаётган барча танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда, - дейди ёғоч ўймакорлиги устаси Мансур Норов. - Уларнинг аксарияти мустақил иш бошлаб, ўнлаб тенгдошларини иш билан таъминлаган. Бундан фахрланаман. Бугунги кўргазмада ҳам кўплаб ёшлар ҳунаримизга қизиқиш билдирди. Улар орасидан ҳам маҳоратли уста-ҳунармандлар чиқишига ишонаман.

Яқинда Бухорода бўлиб ўтган халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалида иккинчи ўринни қўлга киритган Шавкат Зоҳидов вилоятимизнинг энг маҳоратли зардўзларидан бири ҳисобланади. У ҳам “Уста-шогирд” анъаналарини давом эттириб, туман ёшларига ўз ҳунарининг сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.

Кўргазмада, шунингдек, робототехника, ресенарт сингари замонавий касб усталари ҳам ўз ишланмалари билан иштирок этиб, барчанинг қизиқишини ўйғотди.

Тадбирнинг бадиий қисмини Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев очиб берди. Таъкидланганидек, “Инсон қадри учун” шиори остида ўтказилаётган фестиваллар халқимиз ва энг асосийси, ёшларни олий мақсад йўлида бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Самарқанд туманида ташкил этилган тадбир ҳам шижоат ва завқнинг уйғунлашувига мисол бўлади.

Хушовоз хонандалару созандаларнинг чиқиши тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

Тадбир футбол фестивали билан давом этди.

Тўлқин Сиддиқов,

Асқар Баротов.