Ҳудудларда ҳам кўп қаватли уйлар қурилади

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси аввалида шундай ибратли сўзлар келтирилди: “Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ“ асарида “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади“ деган ҳадис билан бошланишида, албатта, чуқур маъно бор “Якунига етиб бораётган йил мамлакатимизда барчамиз учун муқаддас Ватан тимсоли бўлган қишлоқларимиз, маҳаллаларимизни обод қилиш бўйича улкан ишлар бошланган йил бўлди“. Ва, қайд этилдики, “Обод қишлоқ“ ва “Обод маҳалла“ дастурларини халқимиз катта мамнуният билан кутиб олди. Бу борадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Жорий йилда ҳар иккала дастур ижроси учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилган. Яна бир муҳим гап. Бу борада фақат пойтахт ва вилоят марказлари бўлган шаҳарларни эмас, аввало, ҳудудларда жойлашган шаҳар ва посёлкаларни комплекс ривожлантириш эътибор марказида бўлади ва бу ҳудудларда кўп қаватли уйлар босқичма-бос­қич тарзда барпо этилади. Бундай улуғ мақсад ва ниятларга қўшилмасдан бўладими?

Бу борада вилоятимизда эзгу ишлар давом эттирилади. “Обод қишлоқ“ дастурига мувофиқ 2019 йилда 14 та тумандаги 42 та маҳаллада мавжуд аҳолига қулай шароитлар яратилади. Ичимлик суви, электр, газ тармоқлари янада яхшиланади. Бир қатор ижтимоий соҳа объектлари қурилиб, ишга туширилади. Дастур доирасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 615,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. “Обод маҳалла“ дастури доирасида ҳам бунёдкорлик ишлари давом эттирилади.