Ичкиликнинг аянчли оқибати Мутасаддилар иштирокида муҳокама этилди

Вилоят прокуратурасида спиртли ичимликка ружу қўйган, наркомания ва таксикоманияга мубтало бўлганларни, шунингдек, руҳиятида ўзгариш кузатилган ёки руҳий касалликка чалинганларни реабилитация қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, давлат бошқаруви органлари, нодавлат-нотижорат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган семинар йиғилиш ўтказилди.

Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари С.Эшқувватов бошқарган йиғилишда прокуратура, суд, ички ишлар идоралари ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар ва масъул ходимлари қатнашди.

Қайд этилдики, вилоятда спиртли ичимликлар, психотроп моддалар таъсирида ҳамда руҳий носоғлом шахслар томонидан содир этилган жиноятлар таҳлиллари мазкур тоифадаги шахслар билан ўтказилаётган профилактик ва соғломлаштириш тадбирлари талабга жавоб бермаётганлигини кўрсатмоқда. Ҳудудларда гиёҳвандлик ва спиртли ичимлик истеъмол қилишга ружу қўйганлар ҳамда руҳий касаллиги учун ҳисобга олинганларни мажбурий тиббий даволаш ишларини ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди.

Жорий йилнинг тўрт ойида Самарқанд шаҳрида 862 нафар, Каттақўрғон туманида 149 нафар, Паст Дарғомда 264 нафар ва Ургутда 224 нафар спиртли ичимликка ружу қўйганлар ўз вақтида тиббий муссасага жойлаштирилмаган. Оқибатда маст ҳолатда содир этилган жиноятлар Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Ургут туманларида 100 фоизга, Паст Дарғомда 50 фоизга ошган.

Шунингдек, руҳиятида ўзгариши бўлган ёки тажовузкор руҳий касалларни ҳамда спиртли ичимликларга ружу қўйганларни ҳисобга олиш, уларни ўз вақтида даволаш чоралари кўрилмаганлиги бир қатор мудҳиш жиноятларга сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, 2019 йил 28 март куни Самарқанд шаҳар Хўжа Юсуф маҳалласида яшовчи, спиртли ичимликка ружу қўйган Попова таниши Ерёминани уйига маст ҳолатда келиб, уни қасддан ўлдирган.

Руҳий заиф Г.Жиянова эса танишининг фарзандини сувга итариб юбориб ўлимига сабаб бўлган.

Судлар ва ички ишлар органлари фаолиятида ҳам айрим муаммоли масалалар учрамоқда. Баъзи ҳолларда ИИБ профилактика инспекторлари томонидан йўналтирувчи хат билан шахсни тиббий муассасага мажбурий жойлаштиришга ҳаракат қилинмоқда ёки бу борадаги ҳисобот ҳужжатлари бузиб кўрсатилмоқда. Натижада, олиб келинган шахслар наркология диспенсери ҳушёрхонасида белгиланган 12 соатгача ушлаб турилиб, сўнг яшаш манзилларига қўйиб юборилмоқда. Бу эса ички ишлар ходимларининг ноўрин эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликда шахсни мажбурий тиббий даволаш муассасасига жойлаштириш учун тиббиёт муассасаси врачлар консультатив ҳайъатининг хулосаси олиниши лозимлиги ҳамда беморнинг даволаниш муддати тиббиёт муассасаси томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, айрим ҳолларда суд амалиётида тиббиёт муассасаси врачлар консультатив ҳайъати хулосаси олинмасдан шахсни тиббиёт муассасасига жойлаштириш ҳақида қарорлар чиқарилмоқда ва бу қарорларда шахсни мажбурий тиббий муассасага жойлаштириш муддати ҳам кўрсатилмоқда.

Масалан, врачлар консультатив ҳайъати хулосаси олинмаганлиги оқибатида юқумли “Ўпкалар диссеминациялашган сили” касаллиги билан оғриган, мажбурий даволаш учун жойлаштириш мумкин бўлмаган Б.Исаков жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг ажримига асосан мажбурий тартибда даволашга юборилган.

Семинарда муҳокама этилаётган масала юзасидан вилоят Наркология диспансери бош шифокори Н.Кенжаева, Руҳий касалликлар шифохонаси психиатр шифокори У.Шукруллаева, вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Н.Умаров маъруза қилди.

Маърузаларда соҳадаги бугунги ҳолатга танқидий баҳо берилди, муаммоли масалаларнинг ечимига қаратилган фикр ва таклифлар мунозараларга сабаб бўлди.

Семинар йиғилиш шу пайтгача эътибордан четда қолаётган, бироқ ҳар жиҳатдан муҳим масалага бағишлангани таъкидланди. Шу асосида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Бахтиёр НОРМАТОВ,

Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари.