Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жамоат транспортларида аҳвол ўзгардими?

Сўнгги вақтларда Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси манзилига келиб тушаётган асосий мурожаатлар жамоат транспорти, яъни автобуслар билан боғлиқ. Ушбу норозиликлар, айниқса, қайтим борасида, “Tezcard” тўлов тизимига мўлжалланган электрон қурилма (валидатор)ларнинг ишламаслиги, ҳайдовчиларнинг қўпол муомаласи билан боғлиқ ҳолда юзага келаётган муаммолардир.

Жамоат транспортининг талаб даражасида ишлашини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари имкон қадар ҳар бир автобусни кўздан кечирмоқда. Унда қайтимларнинг мавжудлигини, валидаторларнинг ишлашини текшириш баробарида ҳайдовчиларга йўловчилар билан хушмуомалада бўлиши лозимлиги тушунтирилаяпти. Бундан ташқари, вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари автотранспорт соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир автокорхона раҳбарлари билан алоҳида суҳбат ўтказиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш эмас, балки унинг олдини олиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақиряпти. Чунки “касални даволашдан кўра, олдини олган” афзалдир.

Ҳозирги кунда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларга чек қўйиш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан барча йўналишдаги автобуслар имкон қадар назорат қилинмоқда. Унда асосан автобусларнинг дезинфекцияланиш жараёни, ташқи ва ички жиҳатдан озодалиги, санитария қоидаларига амал қилиниши, қайтим учун мўлжалланган 200, 500 сўмлик миқдордаги танга пулларнинг етарли даражада эканлиги, “Tezcard” электрон тўлов карталари учун валидаторларнинг мавжудлиги, салонда ўтиргичларнинг тўлиқлиги, йўловчилар сонининг 25 нафардан ошмаслигига эътибор қаратилаяпти. Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда ҳурматли йўловчиларимиздан белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилишларини илтимос қиламиз.

Жамоат транспортидан фойдаланганда қуйидагиларга эътибор бериш лозим:

- хавфсизлик нуқтаи назаридан автобус салонига киришда орқа эшикдан, манзилга eтгач, олд эшиклардан фойдаланинг;

- автобус салонида ўзаро ёки телефонда баланд овозда суҳбатлашиш атрофдагилар учун ноқулайлик туғдиришини унутманг;

- манзилингизга яқинлашгач, салондан чиқиш учун имкон қадар тайёргарлик кўринг;

- кексалар, ногиронлиги бўлган йўловчилар, ҳомиладор ва ёш болали аёлларга ҳурмат кўрсатинг;

- ҳаракат вақтида ҳар хил саволлар билан ҳайдовчини чалғитманг;

- автобус салонига чиқинди ташлаш ман қилинади, буни ёдда тутинг;

- автобус салонидаги жиҳозларга зарар eтказманг;

- автобус салонидаги ўтиргичлар ёзув тахтаси эмас, буни унутманг;

- автобус фақатгина бекатларда тўхташини ёдда тутинг;

- ижтимоий масофани сақлаш мақсадида тирбандлик юзага келган автобус салонига чиқманг;

- атрофдагиларга зарар етказадиган даражадаги устки кийим билан автобусга чиқманг;

- спиртли ичимликлар истеъмол қилган йўловчилар автобус салонига қўйилмаслигини ёдда тутинг;

- ниқобсиз йўловчи автобус салонига киритилмайди;

- йўловчиларнинг автобусда тез ёнувчан, портловчи, заҳарли, радиоактив моддалар ва ашёларни, шунингдек, ғилофсиз ўқотар қурол, тиғли ва кескир ашёларни олиб юришлари ман этилади.

- жамоат транспортидан фойдаланишдан олдин ва кейин антисептик воситалардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.

 

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.

 

Таҳририятдан: Бошқарманинг ушбу маълумотларига қандай муносабатдасиз? Ростдан ҳам шаҳримиздаги жамоат транспортларида аҳвол ўзгардими?

Фикрларингизни @zarafshonbot манзилимизда кутамиз.