ЖССТ: Коронавирус энди янги аломатлар билан намоён бўлмоқда
Пандемия мавзуси кейинги ҳафтада яна кун тартибига чиқди. Чунки коронавирус мутацияга учрашда давом этяпти. Оқибатда дунё бўйлаб “омикрон”нинг BА.4, BА.5, BА.2.12.1 версиялари кенг тарқалмоқда.
Ҳатто ўтган ойда Ҳиндистонда аниқланган BА.2.75 субварианти қисқа муддатда ўнга яқин давлатга кириб борди. Албатта, буларнинг барчаси жаҳонда COVID-19ни юқтирганлар сони кун сайин ошишига сабаб бўляпти.
Ана шундай мураккаб эпидемиологик вазиятда дунё олимлари хасталикни жиловлаш учун янги тадқиқотлар олиб бормоқда. Маълум бўлишича, энди иситма ёки ҳид ва таъм билиш қобилиятининг йўқолиши коронавирус инфекциясига хос асосий белгилар эмас.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти махсус вакили Дэвид Набарро бу ҳақда тўхталар экан, айни пайтда томоқ ва бош оғриғи ҳамда бурун битиши янги мутацияларнинг етакчи аломатлари сифатида намоён бўлаётганини қайд этди.
“Ҳозир СOVID-19 жуда “ақлли” вирусга айланмоқда, - дейди у. - Шу сабабли унда инсон иммунитетига “чап бериш” хусусияти ривожланяпти. Бу эса касалланишлар сони ортишига хизмат қиляпти”.
Шунга қарамай, мутахассислар коронавирусга қарши вакциналар янги мутацияларнинг беморларда енгил ва асоратсиз ўтишини таъминлайди, деган фикрда.