Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Касабачилар ва журналистлар спортда беллашадиган бўлди

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси С.Рафиқов иштирокидаги корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларни соғломлаштириш, санаторийларга жалб этиш борасида қилинаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида айтилди.
Таъкидланишича, кейинги пайтда корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат шароити яратилиб, соғломлаштириш ишлари кенг кўламда олиб бориляпти. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоятимиздаги ташкилот ва корхоналарда фаолият олиб бораётган 2710 нафар ишчи-ходимларни 3 миллиард 809 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига санаторий йўлланмалари билан касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилишига эришилди.


Шунингдек, меҳнат ва уруш фахрийлари, байналминалчи жангчилар, чернобилчилар, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи ёш оила вакиллари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишловчи 120 нафар вакилларига бепул йўлланма берилган. Бундан ташқари, вилоятимиздаги 176 нафар ўқитувчи ва мураббийлар, “Аёллар дафтари”га киритилган 30 нафар аёл “Абу Али Ибн Сино” санаторийсида бепул соғломлаштирилди.
Анжуманда 2021 йилнинг ёзги соғломлаштириш мавсумида шаҳардан ташқари ёзги болалар оромгоҳларида 7840 нафар бола соғломлаштирилгани айтиб ўтилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ўтган давр мобайнида 8135 нафар ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун бепул саёҳатлар ташкил этилди. “Аёллар дафтари”га киритилган 434 нафар хотин-қиз бепул Хоразм вилоятига саёҳатга бориб келишди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида вилоятнинг туман ва шаҳарларида, олис ва чекка қишлоқларида турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган 400 нафардан ортиқ хотин-қизлар учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури асосида Самарқанд шаҳри бўйлаб зиёрат, саёҳат ҳамда маданий тадбир ташкил этилди.
Матбуот анжуманида журналистлар томонидан саволлар билан бирга таклифлар ҳам билдирилди.
Жумладан келгусида касаба уюшмаси ҳамда вилоят туризм ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ҳар бир корхона ва ташкилотда ишловчиларга спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлари рейтинги баҳоланиши таклифи билдирилди.
Шунингдек, вилоят бўйича ҳафтанинг шанба куни касаба уюшмаси ходимлари билан юриш, югуриш марафонлари, турли спорт мусобақалари ташкил этилиши бўйича келишиб олинди. Жумладан, 30 октябрь куни барча оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва ахборот хизматлари ходимлари иштирокида шаҳар бўйлаб юриш марафони, саёҳат ва зиёрат тадбири ўтказилиши айтилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.