Климатологлар огоҳлантиради: дунёни янги об-ҳаво фалокатлари кутмоқда
Иқлим ўзгариши узоқ истиқбол эмас. Уни биз бугун кўриб турибмиз. Буюк Британия метеорология идораси 2020 йилги кўплаб янгиланган об-ҳаво рекордлари ҳисоботини тақдим этди.
Шундай қилиб, 1884 йилдан бери ўтказила бошланган кузатувлар тарихидаги энг иссиқ баҳор бўлди. Май - ўн йилликлар ичида энг қуруқ келди. Шу билан бирга, ўтган йили рекорд даражада ёғингарчилик тушди.
"Биз юқори ҳарорат ва ёғингарчилик кўпайиши, об-ҳавонинг кескин ўзгариши тенденциясини кўриб турибмиз. Прогнозларимизга биноан бу келажакда ҳам давом этади. Бутун дунёда оғир об-ҳаво шароитлари ҳукм сурмоқда. Масалан, Канадада Цельсий бўйича +49,6 даража қайд этилди. Бу инсон омили - иқлим тизимига таъсирсиз амалга ошмаяпти албатта", дейди Буюк Британиянинг Метеорологик бюро иқлимшуноси Майк Кендон.
Иссиқ об-ҳаво олдидан бўронлар бўлди. Февраль ойида «Cиара» бўрони Буюк Британияни урди, кейин инсонлар ҳаётига зомин бўлган «Денис» келди. Хуллас, бу йил рекорд иссиқ кучли ёғингарчилик билан алмашиб турди. Кетма-кет тошқинлар инфратузилмага жиддий зарар етказди.
"Прогноз аниқ ва равшан: иссиқлик энергияси миқдори ошиши билан атмосфера кўпроқ сувни ушлаб тура олади. Бу тез-тез бўронлар, экстремал об-ҳаво бўлиши мумкинлигини англатади. Нам иқлим янада намроқ, қуруғи эса - янада қуруқроқ бўлади. Денгиз сатҳининг кўтарилиши муқаррар», дейди Океанография миллий маркази директори Ед Хилл.
Олимларнинг фикрича, муаммонинг тезкор ечими йўқ. Бунинг учун глобал чора-тадбирлар комплекси ва вақт зарур. Айни пайтда эса дунё янги об-ҳаво катаклизмларига тайёр туриши керак.