Мактаб ўқувчилари йўл-транспорт ҳодисаларидан огоҳликка чақирилди
Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳудуддаги йўлларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш ва ҳаракат иштирокчиларини ҳушёрликка чақириш мақсадида таъсирчан усуллардан фойдаланмоқда.
Улар телевизор, ноутбук, проектор ва экран, қўшимча электр энергия берувчи ускуналар билан жиҳозланган «Мобиль тарғибот» автомашинаси ёрдамида маҳаллалар, меҳнат жамоалари, бозорлар, таълим муассасалари, мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб, содир этилаётган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини муҳокама қилмоқда. Фуқароларга йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик қандай аянчли оқибатларга олиб келиши содда усулларда тушунтирилмоқда.
«Мобиль тарғибот» тадбирлари доирасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишни тарғиб қилувчи плакатлар, буклетлар ва бошқа кўргазмали воситалар тарқатилаётир.
Бошқарманинг ахборот гуруҳи томонидан ташкил этилаётган ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси бугун, 29 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилди.
Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати.