Мустақиллик, таълим, ислоҳотлар ва муваффақият сари

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги олдидан

Мустақиллик – бу оддий сўз эмас. Эрксизликда яшаган, ҳатто, фикрлашга ҳам қўрқадиган мамлакат халқи шундай улуғ кунни кўрсагина уни ҳис қила олади, завқини туя билади. Мен ҳам бу туйғуни нималигини бошидан кечирган, бир пайтлар эркин нафас олишни орзу қилган инсонлардан бириман... 

Бундан 30 йил илгари шу юрт халқи бугунги хотиржамликни ҳис қилмаган. Айни пайтдаги имкониятлар, янгиланишлар, маданий юксалишга бўлган ҳаракатлар уёқда турсин, ҳатто, гапирадиган гапимиз, эртамиз учун қилишимиз керак бўлган ижодимиздаям тақиқлар кузатиларди.

Бугун бошқача!  

Кейинги пайтларда таълим тизимини тубдан қайта қуриш, янгилаш борасида катта ишлар бошлаб юборилди. Айниқса, олий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни амалга ошириш ва маълум ижобий натижаларга тезроқ эришиш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда. Бироқ бунга эришиш осон бўлмайди. Негаки, соҳада пайдо бўлган ва нафақат мамлакатимиз олий таълим тизими, умуман таълим тизими тараққиётига тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар узоқ йиллар давомида чуқур илдиз отган.

Президентимиз муаммолар ечими бўйича бир қанча муҳим омиллар ва йўлларни кўрсатиб берди. Чунончи, таълим-тарбиянинг боши ва асоси оиладан бошланишини, боғча ва мактабда давом эттирилишини жуда тўғри асослади, амалда катта ва дадил қадамларни ташлади. Масалан, мактабгача таълим вазирлиги ва Президент мактабларининг ташкил этилиши, фанлар бўйича мамлакатимиз ҳамда дунё миқёсида ўтказиладиган олимпиадаларга ва бутун жамиятимизни китобхонликка жалб этишга доир қарорларнинг қабул қилиниши фикримиз далилидир.

Дунёда юз бераётган ижтимоий, иқтисодий ва техник тараққиёт ҳамда ота-боболаримизнинг асрий орзуси бўлган мустақилликка эришган юртимизда янгича фикрлаш, янгича ҳаракат ва ижод қилиш, яшаш сари юз тутаётган халқимиз турмуш тарзидаги бугунги кескин талаб ва эҳтиёжлар ҳам бу борада сусткашликка йўл қўйиб бўлмаслигини, имкон қадар тезкорликни тақозо этади. Шу боис, ўтган ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг аввалги йилларга нисбатан бир неча баробарга кўпайтирилиши, кириш имтиҳонлари бўйича тест саволлари ва синовларининг соддалаштирилиши, абитуриентларнинг тест топшириш жараёни шаффофлик, холислик, ташқи аралашувларсиз, адолатли тарзда ўтказилиши ҳам халқимизнинг таълим ривожига бўлган ишончини янада оширди. Қувонарлиси, бу йил абитуриентлар ўзига қулай бўлган жойдан хоҳлаган уч олий таълим муассасасига ариза топшириш, исталган вилоятда кириш имтиҳонларида қатнашиш каби қулай имкониятга эга бўлди. Бу эса мамлакатимиз олий таълим тизимида бошланган ислоҳотларнинг дебочаси, холос. 

Собиқ шўролар даврида юртимизда учта университет, ўттизтача институт фаолият юритган бўлса, бугун олий таълим муассасаларининг сони 90 та, чет мамлакатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари филиаллари ҳам 20 тадан ортди.  Очиғини айтиш керакки, кейинги икки-уч йил ичида олий таълим муассасасида фаолият юритаётганларнинг ҳам пешонасига офтоб, елкасига шамол тегди. Педагогик фаолиятга салбий таъсир этаётган тўсиқлар олиб ташланди, ойлик маошлар ошириляпти, ортиқча қоғозбозлик, мажлисбозлик, ҳашарбозлигу хўжа кўрсин учун қилинадиган ишларга барҳам бериляпти.

Эркинмиз!

Ҳа, бугун биз эркинмиз! Аммо қайсидир маънода ўзимиз таълимнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётганимизни тан олишимиз керак. Негаки, кўпчилигимиз боғча, мактаб, лицей ва коллежларга тарбияланувчи, таълим олувчиларни қамраб олишда қинғирликларга йўл қўяяпмиз. Бунда бевосита муассасаларнинг нафси ҳакалак отган раҳбарлари билан бир қаторда, фарзандларини ўша ерга олиб келаётган ота-оналарнинг ҳам айби бор. Агар улар бу соҳадаги коррупцияга барҳам беришда фаол ва Президентимиз тарафида бўлганида эди кўп ишлар анча самарали кечарди.

Хуллас, мамлакат ҳаётида бошланган ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлаш ҳаммамизнинг саъй-ҳаракатимизга боғлиқлигини унутмаслигимиз керак. Оғир бўлса-да, ортга бир назар ташлайлик – эрксизлик, қарамлик, ожизлик. Тўғри, мустақиллигимиз абадий бўлишини ич-ичимиздан тушунамиз, аммо маънан заифлашиб қолишдан оғири йўқ. Шунга йўл бермайлик.

Мардон Болтаев,

Самарқанд давлат университети доценти.