Мутолаа: Эрни қандай парваришлаш керак? Ҳажвия
Хисрав Шоҳоний
Агар сиз Ҳабибни учратсангиз уни танимаган бўлардингиз. У жуда ўзгарган, мен уни танидим, негаки, биз у билан бир неча йиллардан бери дўстмиз.
Илгари у чаққон, серғайрат, хушмуомала, ўйин-кулги ва ҳазилни ёқтирадиган йигит эди. У кўп пул ишларди, шунга яраша кўп сарфларди ҳам. Кўриниши ҳам ажойиб эди: юзлари юмалоқ, ёноқлари қизил, юришлари қатъий. Энди-чи, уни кўрсангиз... Гўё безгакка чалингандек: юзлари оқариб чўккан, оёғи-оёғига ўралиб юраётгандай. Қисқаси, Ҳабибни таниб бўлмайди.
Дўстларим ишига аралашишни ва уларни ҳаддан ташқари қизиқувчанлик билан безовта қилишни унчалик ёқтирмасам-да, унинг аҳволини кўриб ўзимни тўхтата олмасдан сўрадим:
- Нима бўлди Ҳабибжон? Сени таниб бўлмайди, гуё алмаштириб қўйилгандексан!
У жавоб берди:
- Аллоҳ барча социологлар, оила ҳаёти соҳасидаги бу мутахассисларни, маслаҳат беришни ёқтирадиганларни лаънатласин!
Дўстимни нозик жойига тегиб кетганимни ҳис қилиб, уни тинчлантиришга киришдим:
- Тинчлан, Ҳабибжон! Айтсанг-чи, нима бўлди ўзи?
- Мен унга юз марта шу аёллар журналини сотиб олма, ўқима деб айтгандим! Ахир мен уларни сотиб олмайман-ку, сен ҳам... Э... йўқ, у қулоқ солмади, мана, энди мени шу аҳволга солиб қўйди!
- Аёллар журналларининг сенинг аҳволингга нима алоқаси бор?
Ҳабиб менга ҳасрат билан қаради:
- Ҳаммасига шулар айбдор, сен тушунмаяпсан! Кел, каҳвахонага кирамиз, сенга ҳаммасини батафсил айтиб бераман.
- Сен мени яхши биласан, - гап бошлади Ҳабиб. – Қандай тинмас, хушчақчақ бўлганимни эслайсанми?
- Эслаганда қандоқ...
- Энди-чи?.. Ким айбдор, нима деб ўйлайсан?
- Қаёқдан билишим мумкин?
- Шифокорлар айбдор, ўша лаънати доктор Ҳилдор Гавшер, уч марта лаънат унга! Олти ой олдин хотиним аёллар журналларидан бирига обуна бўлганди. У уларда ёзилган ҳамма нарсани ёдлайди, кейин эса тажриба ҳайвончасидай мени синаб кўради. Тушундингми?
- Йўқ, ҳеч нарсани тушунмаяпман!
Ҳабиб жаҳл билан сигаретани ўчирди ва менга тикилиб давом этди:
- Тахминан олти ой олдин бу соқоли ўсмагур шифокор “Аёллар, эрингизнинг ҳаёти сизнинг қўлингизда. Агар сиз унинг соғлом бўлишини истасангиз, ушбу маслаҳатлардан фойдаланинг”, сарлавҳали мақолалар туркумини ёза бошлади.
- Хўш, нима бўлибди?
- Беш ой олдин уйга келиб, даҳлизда тиббий тарозини кўриб қолдим. Хотиним Минадан фақат “Бу нима” деб сўраганимни эслайман...
- Тарозига чиқинг, сизни тортмоқчиман, - табассум билан жавоб берди у.
- Мен-а?
- Ҳа, сиз!
- Нега?
- Доктор Ҳилдор Гавшер “Эрингиз соғлиғининг гарови бу вазндаги барқарорликдир”, деб ёзган, - деди.
- Ўшандан бери бу аёл кунига олти марта: эрталаб, тушлик пайтида, кечқурун ётишдан олдин, овқатдан олдин, овқатдан кейин мени бир қоп лавлаги каби тортади. Агар вазн камайган бўлса – у мени яна дастурхонга ўтқазиб олиб, овқат ейишга мажбурлайди, агар ошиб кетган бўлса бу лаънати табиб Ҳилдор Гавшернинг маслаҳатига амал қилиб мени қўшниларнинг кўз ўнгида ички кийимда уй атрофида саксон марта югуришга мажбур қилади.
- Югуриш яхши, Ҳабиб, лекин нега ички кийимда?
- Чунки Доктор Гавшер бу муолажа пайтида бутун тана эркин нафас олиши кераклигини айтган экан. У хотинлар ҳар ойда бир марта эрини шифокорга кўрсатиб, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиб туриши ва агар Худо кўрсатмасин, бирор оғиш сезилса, ўз вақтида чора кўриш кераклиги тўғрисида ёзади. Олти ойдирки, бу аёл менинг соғлиғим учун....
- Демак, у сени яхши кўради, - қистирдим мен.
- ...Мени клиникага олиб боради, - давом этди менинг сўзларимга эътибор бермай у. – Бир куни кўз шифокорига, иккинчи қулоқ, учинчи, тўртинчи, бешинчи кунлари – стоматолог, жарроҳ, терапевт, яна Худо билади кимларга!.. Буларнинг ҳаммаси жонимга тегди, мен чарчадим!
- Аччиқланма, дўстим, - дедим муроса билан. - Демак, Минахоним сени яхши кўради, у кўзларинг заифлашиб қолиши ёки ошқозонинг ишламай қолиши мумкинлигидан хавотирда.
- Бу шифокор яна хотинларга эрлари иш қобилиятини узоқроқ сақлаш учун эрталаб ва кечқурун гимнастика билан шуғулланишга мажбурлашни маслаҳат беради. Хотиним менга ҳар бири саккиз килограммдан келадиган иккита гантель ва штанга сотиб олган. Қасамки, улар катта буқанинг умуртқасини синдиради. Менда на куч, на сабр қолди.
- Хўш, ишинг-чи, ишларинг қалай?
- Ҳаммаси ишдан келганимдан сўнг бошланади. Ҳар куни кечқурун соат саккизда у болаларни ётқизади, мени алоҳида хонага қамаб қўяди. Бир даста китоб ва журналларни бериб: “Ўқинг, мутолаа қилиб дам олинг”, дейди.
- Нега?
- Доктор Гавшер томонидан тавсия этилган экан. Эмишки, сиз (яъни мен) дам олишингиз керак, сизга ўқиб, ухлаш учун тинчгина, осойишта жой керак.
- Мен унга ёлғизликдан ақлдан озишимни, мен маҳбус ёки мохов эмаслигимни айтмоқчи бўламан. Гавшернинг маслаҳати бу, ҳеч нарсани билмайман, деб жавоб беради. Бу доктор менинг тинч ва бахтли ҳаётимга ҳасад қилган экан. Кечқурун ишдан кейин болаларим билан телевизор кўрардик, ҳар хил ўйинлар ўйнардик, кулардик... Соат ўн иккиларда уйқуга кетардим, эрталаб саккизгача ҳеч ким мени, ҳатто қурол билан уйғота олмас эди, энди ҳар сафар ўрнимдан сакраб тураман.
- Нега, ахир?
- Кечқурун оиламиз валинеъмати, доктор Ҳилдор Гавшернинг маслаҳати билан Аллоҳ таоло унга жаҳаннам азобларини юборсин! – ошқозонда оғирлик сезмаслик, енгилгина ётиб, ҳар хил туш кўрмаслик учун қотган нон билан қирғичдан ўтказилган сабзи шўрвасини ичаман. Ўзинг биласан, мен қўйнинг иккита тили ва тўрт оёғини иккита нон билан фақат газак сифатида еб қўярдим. Устига-устак хотиним кечалари устимни вақти-вақти билан кўрпа билан ёпади ёки уни олиб ташлайди.
- Буниси нима учун?
- Ҳаммаси ўша доктор тавсияси билан. Тушуняпсанми? “Эрингизга эътиборли бўлинг, кечалари усти очилиб қолиб, шамолламасин ёки кўрпа унинг нафас олишига халақит бермасин ва бўғилиб қолмасин”, деган экан. Энди тушундингми?
- Ҳа, тушуниб ета бошладим! Кейин-чи?
- Ишдан келишим билан ҳали кийим алмаштиришга улгурмасдан Мина олдимга саволлар билан келади:
- Хўш, чарчадингизми, дадаси?
- Йўқ!
- Бугун хўжайинингиз билан жанжаллашдингизми?
- Йўқ!
- Жанжаллашгандирсиз, ростини айтинг?
- Айтдим-ку, жанжал қилганим йўқ деб!
- Балки бошқа биров билан можаро бўлгандир?
- Йўқ, нега мен можаро қилишим керак?
- Бир гап бўлган, лекин айтмоқчи эмассиз? Доктор Ҳилдор Гавшер эрларга ўзларининг хотиржамлиги учун ҳамма нарсани хотини билан бўлишишни маслаҳат беради! Хўш, азизим, менга тўғрисини айтинг, биров билан жанжаллашдингизми?
- Жонинг ҳақи, йўқ.
- Эҳтимол, полициячи арзимаган нарсага айб топгандир?
Шу ерда Ҳабиб қўлларини осмонга кўтарди ва рўпарасида гўё мен эмас, унинг хотини Мина тургандек, менга қараб бақира кетди:
- Қибла қасамки, йўқ! Йўқ! Йўқ! Мен ҳеч ким билан жанжаллашмаганман, ҳеч ким билан! Мен бошлиқлардан танбеҳ эшитганим йўқ. Полициячи мендан айб топгани йўқ. Мени тинч қўй, чарчатдинг, қийноққа солдинг!
Ҳабибнинг қичқириғини эшитган официант ҳушёр тортиб, яқинроқ келди:
- Ҳаммаси жойидами, оға? Илтимос, тинчланинг.
- Ҳаммаси жойида. Биз дардлашяпмиз, - жавоб бердим мен Ҳабиб ўрнига.
- Шундан кейин ҳам у нима қилаётганини биласанми? – давом этди Ҳабиб официантга эътибор қилмай. – У менинг асабларим жойида эмас деб айтади ва доктор бундай ҳолларда бузилишларнинг олдини олишни маслаҳат беришини ва... ҳатто айтишга уят!
- Гапир, гапир Ҳабибжон, тортинма.
- Мажбурлаб суюқ дори ичиради. Ўша лаънати доктор бизнинг оиламиз бошқара бошлашидан олдин мен хоҳлаган вақтда турардим, хоҳлаган ишимни қилардим. Энди у мени соат олтида уйғотади. Мен тушунолмай қолдим, бу менинг хотинимми ёки доктор Ҳилдор Гавшернинг хотиними? Нега у мени гўрга тиқмоқчи бўлишга ҳаракат қиляпти?
- Албатта, у сенинг хотининг дўстим, - эътироз билдирдим.
- Унда нега у мени бу аҳволга солди?
- Эҳтимол, у сени севар.
У тишларини шу қадар ғижирлатдики, менга стулнинг оёғи сингандек туюлди.
- У мени севадими ёки ўзиними?
- Албатта, сени Ҳабибжон, шунинг учун у хоҳлайдики...
Шу пайт официант ҳисобни олиб келди ва фикримни тугатишимга имкон бермасдан эшик томон ишора қилди.
Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.