Мутолаа: Ҳаёт гўзал! Ҳикоя
Антон Чехов
Ҳаёт вақти-вақти билан ёқимсиз нарса бўлиб туюлиши мумкин, лекин уни сайқаллаштириш жуда осон. Бунинг учун 200 000 рубль ютиб олиш, бирор бир нуфузли мукофот, масалан “Оқ Бургут”ни қўлга киритиш, гўзал аёлга уйланиш, беғараз инсон бўлишгина етарли эмас – бу неъматларнинг бари тезда йўқолади, бузилади ва одатга айланиб қолади.
Ўзингизни узлуксиз бахтли ҳис қилиш учун ҳатто аламли ва қайғули лаҳзаларда ҳам - а) борига қаноат қилиш; б) онг билан “бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди” дея астойдил қувониш керак.
Бу унчалик қийин эмас: мабодо чўнтагингиздаги гугурт қутиси ёниб кетса, чўнтагингизда порох яшиги бўлмаганлигига хурсанд бўлиб, фалакка миннатдорчилик билдиринг.
Мабодо дала ҳовлингизга камбағал қариндошларингиз меҳмон бўлиб келгудай бўлса, рангингизни оқартирманг, балки ғалаба қозонган кишидек тантана билан: “Яхшиям, бу полициячилар эмас!” деб хитоб қилинг.
Бармоғингизга зирапча кириб кетса, хурсанд бўлинг, яхшики у кўзингизга кирмабди.
Мабодо аёлингиз ёки қайнопангиз фортепианода ўйнаса, ўзингизни йўқотманг ва шоқолларнинг инграши ёки мушукларнинг миёвлашини эмас, балки ижро тинглаётганингиздан хурсанд бўлиб ўзингизни қўярга жой топа олманг.
Сиз тўнкага тортилган от эмаслигингиздан, лозимлигидан зиёд қўйиладиган “вергуль” бўлмаганингиздан, лўлилар етаклаб юрадиган айиқ ёки чўчқа, ёки эшак ё тахтакана эмаслигингиздан қувонинг...
Чўлоқ, кўр, кар, соқов, вабо теккан кимса бўлмагаганингиздан хурсанд бўлинг....
Айни вақтда суд мажлисида судланувчи сифатида ўтирмаганингизга, қаршингизда кредиторни кўрмаётганингизга ва у билан қалам ҳақи тўғрисида шавқ билан гапирмаётганингиз учун шукурлар билдиринг.
Агар сиз унчалик узоқ бўлмаган жойлар (сургун жойи ҳақида кесатиқ билан айтилган ибора)да яшасангиз, ундан ҳам олис жойларга бориб қолмаганингизни ўйлаб хурсанд бўлмайсизми?
Мабодо тишингиз оғриётган бўлса, қолган барча тишларингиз оғримаётганидан хурсанд бўлинг.
“Гражданин” романини ўқимаслик, канализация бочкасида ўтирмаслик, бирданига учта хотинга уйланмаслик имконингиз борлигидан қувонинг...
Агар сизни полиция бўлимига олиб боришса, жаҳаннамга етаклаб бормаганлигингиздан хурсанд бўлинг.
Агар сизни қайин шохи билан савалашса, оёқларингизни ликиллатиб: "Қандай бахтлиманки, қичитқи билан савалашмаяпти”, денг.
Мабодо хотинингиз сизга хиёнат қилса, у ватанга хоинлик қилмаганидан хурсанд бўлинг.
Ва ҳоказо... маслаҳатларимга амал қил эй одам боласи, шунда умринг узлуксиз шод-хуррамликларга тўлади.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.