Паст Дарғом ўзгаради: янги лойиҳалар бор   

Президентимиз топшириғига асосан жорий йил 1 майдан маҳаллий бошқарув органларини аҳолига янада яқинлаштириш, маҳаллаларда олиб борилаётган иш самарадорлигини ошириш мақсадида Паст Дарғом туманида иқтисодий блок структурасини такомиллаштирган ҳолда маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилди.

Хўш, янги тизимнинг ўзига хослиги нимада? Умуман, бу янгилик ҳудуд ривожи, аҳоли турмуш фаровонлигида қандай аҳамиятга эга?

Топшириққа асосан ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бошқарувида 45 кишидан иборат “Маҳаллабай ишлаш маркази” ташкил этилди. Унинг таркибида маҳаллаларда тадбиркорликни, инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш (оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва ўзини ўзи банд қилиш), аҳолини касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш бўлимлари ҳамда маҳаллабай ишлаш инспекторлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Марказ ўз ишини маҳала фуқаролар йиғини раисининг томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, маҳаллаларга бириктирилган доимий вакиллар, секторлар бошқарув офислари, ўқув марказлари, мономарказлар, тижорат банклари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, инфратузилма ва коммунал ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этади.

“Маҳаллабай” ишлар натижадорлиги ҳафтанинг ҳар шанба куни муҳокама қилиб борилади. Таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, шу пайтгача маҳаллабай ишлашда фаолият тизимли ташкил этилмаган. Оқибатда ҳокимият билан маҳалла ўртасида узилиш бўлиб қолган.

Мисол учун, Чимбой маҳалласи аҳолисининг яшаш тарзини яхшилаш ва доимий даромадга эга қилиш учун 124 гектар лалми ер майдонида кооперация асосида анорзор ташкил этилиб, 124 та кам даромадли фуқароларга 1 гектардан ер майдони бўлиб берилди. Бундан ташқари, ҳудудда 100 ўринли тикувчилик корхонаси қурилиши бошланди, 5 та бошқа савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, туманда 1 та 100 гектарлик саноат зонаси ҳамда 10 та махсус кичик саноат зоналарини ташкил этиш ҳисобига қиймати 1,3 триллион сўм бўлган 150 дан ортиқ саноат, савдо ва хизмат корхоналари ташкил этишни режалаштирганмиз.

Масалан, Дўстлик массивида 100 гектарлик саноат зонаси ташкил этилади, шунингдек, шу ҳудуддаги гараж биноси ҳам 15 йилдан буён фойдаланилмасдан бўш турган эди. Худди шундай, Илм ҳудудидаги собиқ пахта қабул қилиш пунктининг фойдаланилмай ётган майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Умуман, туманни ривожлантириш драйверларини белгилашда географик жойлашуви, мавжуд имконият ва шароитлардан келиб чиқиб туманни 3 ҳудудга бўлиб олдик. Биринчиси, Самарқанд шаҳри билан чегарадош бўлган Чархин массивида йирик ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган ҳудуд. Бу ерда инфраструктура яхши ривожланган. Қурилиш учун катта хомашё базаси мавжуд. Бу ерда саноат шундан келиб чиқиб ривожлантирилади.

Жума ҳудудида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланган. Демак, савдо ва сервисни, айниқса йўл бўйи инфраструктасини ривожлантириш асосий йўналишимиз бўлади. Мисол учун, Қорағуппа маҳалласида 15 та мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.

Аслида маҳалладаги 695 та хонадондан 71 таси мебель тайёрлаш билан шуғулланади. Уларнинг талаби асосида ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун маҳалла ҳудудидаги 2,5 гектар ерда кичик саноат зонаси ташкил этишни режалаштиргандик. Бу таклиф давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида қўллаб-қувватланди.

Туманимизнинг Гўзалкент ҳудуди аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги, айниқса, анорчилик, боғдорчилик ва чорвани ривожлантириш драйвер этиб белгиланди.

Масалан, 504 гектар майдонда анорчилик, 500 гектар майдонда боғдорчилик ташкил этилади. Анор майдонлари доимий даромад манбаига эга бўлмаган оилаларга 1 гектардан бўлиб берилади. Оилавий тадбиркорлик ташкил қилиб, қатор орасига полиз экинлари экиш ҳисобига йилига ўртача 11,5 миллион сўм, 3 йилдан бошлаб анор ҳосилга киргач ўртача 25 миллион сўмдан 120 миллион сўмгача даромад олиш мумкин.

Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳисобига чорвачилик бўйича 1500 та хонадонга 45 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади.  

Барча йўналишлар бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига бюджетга қўшимча 140 миллиард сўмлик солиқ базаси яратилади. 10 мингга яқин иш ўринлари очилади.

Оилалар даромади ортса, пули кўпайса, табиийки, аввало уй-жойи яхши бўлишини истайди. Шу боис, жорий йилда Фурқат маҳалласи ҳудудидан намунавий лойиҳа асосида 4 та 5 қаватли (80 хонадонли) уй-жой қурилади.

Бундан ташқари, янги тартибда 630 хонадонли 9 та кўп қаватли (шундан 240 таси субсидия асосида) уй жой қуриш режалаштирилган. Ҳозирда Мирзо Улуғбек маҳалласида 3 та 7 қаватли (210 хонадонли) уй-жой учун ер ишлари бажарилмоқда. Гўзалкент маҳалласидан 6 та 7 қаватли (420 хонадонли) уй қуриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 200 та якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, шундан 120 тасига субсидия ажратилиши кўзда тутилган.

Дарвоқе, давлатимиз раҳбари Эски Жума маҳалласи ҳудудидан 5,5 гектар суғориладиган ер майдонидан уй-жой қуришга рухсат берди. Бу ерда 1386 хонадонли 22 та кўп қаватли уй қурилади.

Умуман, Президентимизнинг вилоятимизга бу галги ташрифи туманимиз учун ҳам янги истиқболли йўналишлар белгилангани билан аҳамиятли бўлади.

Шунқор Худойбердиев,

Паст Дарғом тумани ҳокими.