Пайариқ тумани ҳокимлиги вакили банк ходимини калтаклаган(ми)? Воқеликка ойдинлик киритилди

Ижтимоий тармоқларда ва интернет нашрларида “Пайариқ тумани ҳокимлиги вакили банк ходимини калтаклади” сарлавҳаси остида хабар ва унга илова қилинган ҳолат акс этган видео тарқалди.

Халқ банки матбуот котиби ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

“Ушбу воқеа 2019 йилнинг 19 октябрь куни соат 16:00 лар атрофида Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида содир бўлган. Ўша куни Халқ банкининг Пайариқ филиали ходими Икром Оролов ўз ихтиёри билан пахта ҳашарига чиққан ва тушдан кейин уйга қайтиш учун пахта майдонидан чиқиб кетаётганда уни туман ҳокимлиги вакили тўхтатиб, кетиш мумкин эмаслигини айтган.

Банк ходими далада ичимлик суви йўқлиги, сал тоби қочаётганини айтиб, кетмоқчи эканлигини айтган.

Шундан сўнг ҳокимлик вакили ва банк ходими ўртасида тортишув юзага келган. Вазиятга ҳоким ўринбосари Отабек Абдуллаев аралашиб, банк ходимини судрай бошлаган, уларни атрофдаги фуқаролар ажратиб, жанжални бартараф этишган.

Воқеа бўйича Халқ банкининг Пайариқ филиали ходими Икром Оролов ҳеч кимга мурожаат қилмаган ва ҳозирда ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда".