Пайариқда кўп қаватли уйлар замонавий қиёфага кирмоқда

Вилоят ҳокими томонидан жорий йилнинг 21 сентябрь куни тасдиқланган "Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа, тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш, туризмни ривожлантириш ва бўш турган бино-иншоотлардан фойдаланиш аҳволини ўрганиш натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича "Йўл харитаси"да белгиланган вазифаларнинг ижроси шаҳар ва туманларда босқичма-босқич таъминланмоқда.

Хусусан, ушбу "Йўл харитаси"да Пайариқ туманидаги кўп қаватли уйлар атрофидаги ноқонуний қурилишларни бузиш ва бартараф этиш чора-тадбирлари ҳам белгиланган.

Туманда 26 та кўп қаватли уй мавжуд. Бу кўп қаватли уйлар атрофида туман ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилган ва 65 та ноқонуний қурилиш аниқланган. Айни вақтда уларнинг бузиш ишлари 80 фоизга бажарилган. Фақат кўп қаватли уйлар олдидаги ҳожатхоналар ҳалигача бузилмаган.

– Ҳозирда умумий ҳожатхоналар янгидан қурилмоқда, – дейди туман уй-жой комунал хизмат кўрсатиш бўлими бошиғи Қаршибой Избосканов. – Қурилиш якунига етгандан кейин ноқонуний қурилган ҳожатхоналар ҳам бузилади.

Айни вақтда Пайариқ ва Челак шаҳарчаларидаги кўп қаватли уйлар атрофини тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда, йўлакларга бетон қоплама ётқизилмоқда. Ноқонуний қурилишлар ўрни текисланиб, ўрнида болалар майдончаси, маъракалар учун жой ва бошқа зарур объектлар қурилиши бошлаб юборилган.

Жумладан, Пайариқ шаҳарчасидаги Гўзал, Халқобод, Алишер Навоий ва бошқа маҳаллаларда бу борада ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Челак шаҳарчасидаги Бунёдкор, Қумчуқ, Аҳмад Яссавий маҳаллаларида кўп қаватли уйлар кириш йўлаклари таъмирланиб, умумий ҳожатхоналар қуриш ишлари давом этмоқда.

– Йил якунига қадар бу ишларни якунига етказишни режалаштирганмиз, – дейди туман ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Шавкат Тошпўлатов. – Кўп қаватли уйларнинг фасади ҳам мукаммал таъмирланмоқда.

Fолиб АБДУСАЛОМОВ.