Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пайариқда нега саноат ривожланмаган?

Бу саволга жавоб берган туман ҳокими Дилшод Мусинов ҳудудда ўзи раҳбарлигида амалга оширилган ижобий ишлар тўғрисида гапириб берди. У шунингдек, қайси ҳолатда депутат ҳокимдан кам бўлмаслигини ҳам айтди.

- Дилшод Султонович, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини жонлантириш, халқ ноибларини жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш учун вилоят Кенгашида котибият ташкил қилинди. Пайариқ туманида бу борада ўзига хос амалиёт борми?

- Вакиллик органи бўлган Кенгашнинг туман ижтимоий-иқтисодий ривожидаги аҳамиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун аввало, туман ҳокимлиги биносидан алоҳида депутатлар хонаси ташкил қилинди. Кенгаш раис ўринбосарининг иш кабинети бўлган бу хонада анжомлар билан жиҳозланиб, қонунчилик ҳужжатлари матнлари билан таъминланди.

Сессиялар оралиғида ўтказиладиган доимий комиссия йиғилишлари айнан депутатлар хонасида ташкил қилинмоқда.

Бундан ташқари, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойлар учун ариза берувчилар орасидан ҳақиқатдан муҳтожларни аниқлашда депутатларга ишонч билдирилди. Бунда ҳар бир туман Кенгаши депутати сайлов округи бўйича талабгорларни ўрганиб, ҳақиқатдан эҳтиёжмад оилаларни аниқлаб берди. Шу тариқа 67 нафар фуқаронинг рўйхати шакллантирилди.

- Парламент тавсияси асосида халқ депутатлари туман Кенгашларида раис ўринбосари (жамоатчилик асосида) лавозими нотўғри ташкил қилиндими ёки бу вазифа юкланган шахсларга етарлича ваколат ва имконият берилмаяптими? Бу ҳақда Пайариқ тумани ҳокими - халқ депутатлари туман Кенгаши раисининг фикри қандай?

- Менимча, ҳар бир лавозим ёки вазифа номзод тўғри танланганда ўзини оқлайди. Мисол учун, халқ депутатлари туман Кенгашида раис ўринбосари вазифасидаги шахснинг сусткашлиги туфайли сессияда бу вазифага бошқа депутат сайланди.

Рост, шундан сўнг халқ ноиблари фаоллашгани сезилди. Негаки, айнан Кенгаш раиси ўринбосарининг ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда депутатларнинг чиқишлари ташкил қилинаяпти. Муайян ҳудуддаги депутатнинг сайловчилар билан учрашувларида сектор раҳбарлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштироки таъминланаяпти. Бу амалиётлар жойларда кўпгина муаммоларни ҳал бўлишига имкон яратяпти.

- Ҳокимлик тизими айниқса, ташкилий-назорат гуруҳида катта тажрибага эга раҳбар сифатида маҳаллий Кенгашларни жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш учун яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

- Маҳаллий Кенгашларнинг жамият ҳаётида ўрни ва нуфузини ошириш учун маҳаллий Кенгаш депутатларининг аввало, билим ва савиясини ошириш керак.

Менимча, депутат имкон қадар ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ўрганиши, чиқаётган ҳар бир фармон, қонун, қарорларни чуқур тушуниб, таҳлил қила олиши керак.

Умуман, сайловчиларининг манфаатларига мос фаолият юритиб, муаммоларини ҳал қила олса ва уларнинг ишончини оқласа бу депутатнинг обрўси туман раҳбарининг ҳурмат-эътиборидан кам бўлмайди.

- Пайариқ туманида вилоятнинг бошқа ҳудудларига нисбатан саноат анча орқада қолган? Нима учун шундай бўлаяпти, деб ўйлайсиз? Соҳани ривожлантириш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

- Пайариқ туманида катта-катта завод ва фабрикалар йўқлиги, ишлаб чиқариш соҳасининг секин ривожланаётганлигининг сабаби ҳудуд вилоят марказидан четда жойлашганлиги ҳамда магистрал йўлларнинг ўтмаганлигидадир. Лекин шунга қарамай, бугунги кунда туманни иқтисодий ривожлантириш бўйича чет давлатлар билан кенг қамровли ҳамкорлик қилиш йўлларини излаяпмиз. Бу борада зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Хусусан, ҳудудий инвестиция дастурига кўра, жорий йил якунига қадар умумий қиймати 489,1 миллиард сўм бўлган 42 та, шундан 7 та йирик лойиҳалар фойдаланишга топширилади. Муҳими, бунинг натижасида мингга яқин янги иш ўринлари яратилади.

Мисол учун, “SAG” қўшма корхонаси томонидан қиймати 10 миллион долларлик 250 ўринли меҳмонхона, "SFX GREAT BULDINGS CITY" масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 5,03 миллион долларлик газаблок ишлаб чиқариш каби йирик лойиҳалар ишга туширилади. Режага кўра, бу лойиҳалар бошқа ташаббуслар учун ҳам йўл очади. Аҳолига янги қулайликлар яратади.

- Бу энди бор-йўғи, режалар. Аниқ ишлар тўрисида нима дея оласиз?

- 2019 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида иккита йирик ишлаб чиқариш корхонасига асос солинди. Жумладан, хитойлик инвесторлар “Донг Лиу қурилиш материаллари компанияси” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, лойиҳа қиймати 3 миллион долларлик қурилиш материалларини ишлаб чиқариш заводи фаолиятини йўлга қўйди.

Жанубий Корея давлати инвесторлари томонидан “Органик фарм девелопмент” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 4,7 миллион долларлик замонавий иссиқхона мажмуаси бунёд этилмоқда.

Булар энг йирик, таъбир жоиз бўлса, туман иқтисодиётига сезиларли ижобий таъсир ўтказадиган лойиҳалар, албатта.

- Хориждан фақат инвестиция киритилаяптими ёки туманда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматларни чет эл бозорларига чиқаришда ҳам ўзгаришлар борми?

- Келинг, таққослаш учун аниқ рақамларни келтириб ўтсам. 2018 йил якуни билан ҳудудда 6 та экспортёр корхона фаолият олиб борган ва улар 6,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган. 2019 йил якуни билан эспортёр корхоналар сони 12 тани ташкил этиб, 9,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Жорий йилда экспорт кўрсаткичини 10,4 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бугунги кунда 5,09 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга сотилди, йил якунигача яна 6 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Қайд этиш керакки, туманда кичик саноат зонаси бўлсада, фойдаланиш қониқарсиз аҳволда эди. Шунинг учун туманда саноат лойиҳаларини жойлаштириш учун Халқобод маҳалласи ҳудудидан 18,6 гектар ер майдонидан кичик саноат зонаси ташкил этилди. Ушбу саноат зонасига 25 га яқин лойиҳаларни жойлаштириш режалаштирилган.

Ўйламанки, бу лойиҳалар ҳам келгусида нафақат ички бозорни тўйинтириш балки, туман экспорт салоҳиятини оширишда муҳим роль ўйнайди.

- Сиз раҳбарлигингизда туманда амалга оширилган ижобий ўзгаришларга яна нималарни мисол қилиб айта оласиз?

- Пайариқ вилоятда ҳудуди жиҳатдан катта туманлардан бири. Туманда кейинги 1 ярим йилда бир қанча ижобий ўзгаришлар бўлди. Хусусан, аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш бўйича Наволи массивидан суғорилмайдиган 600 гектар ер майдонида интенсив узумзор ташкил этилди. Натижада тумандаги 1200 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Ҳозирда фуқаролар томонидан узумзор орасида сабзавот маҳсулотларини етиштириб, дастлабки даромадларини олмоқда.

Дўстлик массивининг Ингичка қишлоғида ҳам 1600 гектар лалми майдон худди шундай лойиҳа асосида амалга оширилади. Айни пайтда бу ерда сув қудуғи қазиш ишлари бажарилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида яна 3200 нафарга яқин фуқаролар бандлиги таъминланади.

Бундан ташқари, ёшларнинг мурожаатлари, уларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, вилоятда биринчилардан бўлиб “Ёшлар маркази” биноси, шу билан бирга, 2 мингга яқин китоб фондига эга замонавий кутубхона фойдаланишга топширилди. Бу ишларнинг давоми сифатида Челак шаҳрида ҳам замонавий кутубхона қурилмоқда.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.