Президент қийинчиликка дуч келаётган оилаларни қўллаб-қувватлашга кўрсатма берди. Самарқандда камбағал оилалар сони 48 мингта
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Видеоселектор йиғилишида карантин чораларини юмшатиш, иқтисодиёт корхоналарини қайта тиклаш борасидаги ишлар бу сафар Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари мисолида кўриб чиқилди.
Мазкур икки вилоятда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 20 фоизи истиқомат қилади, саноат маҳсулотларининг 11 фоизи ишлаб чиқарилади.
Сўнгги икки ҳафтада карантин талаблари юмшатилиши натижасида Қашқадарё вилоятида 90 фоиз, Самарқанд вилоятида 60 фоиз корхоналар ўз фаолиятини тиклади. Лекин аҳолини даромад билан таъминлаш учун бу етарли эмас.
Камбағал оилалар сони Қашқадарёда 91 мингта, Самарқандда эса 48 мингтани ташкил этади. Бу вилоятларнинг ҳар бирида юз мингдан ортиқ ишсизлар бор.
Давлатимиз раҳбари қийинчиликка дуч келаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш ҳудуд раҳбарларининг энг устувор вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Қашқадарё вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 75 фоизи республикага бўйсунадиган корхоналарга тўғри келади. Касби, Қамаши, Миришкор, Нишон ва Чироқчи туманларида саноат деярли йўқ.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига вилоят ҳокимлиги билан биргаликда мазкур туманларда саноатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Вилоятда етиштириладиган пахта толасининг атиги 42 фоизи қайта ишланиши қайд этилиб, янги тикув-трикотаж корхоналари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, олтингугурт, марганец, ферро-силиций, гипс, доломит ва бошқа хомашё захираларидан талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.