Прокуратура давлат қораловчисидан қонунлар ижросини назорат қилувчи идорага айланди

Бугун – Прокуратура органлари ходимлари куни

Прокуратура. Бир вақтлар бу ном қулоққа чалинганда анча-мунча одам бир сесканиб тушарди. Аммо кейинги йилларда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар сабаб одамлар онгида прокуратура органларига нисбатан ижобий фикр шаклланиб бормоқда.

Бу борада олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижаси ҳақида суҳбатлашиш учун вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Фарҳод Зуфаровга мурожаат қилдик:

- Кейинги йилларда прокуратура органлари ходимларининг фаолияти халқ манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилмоқда. Шу сабаб қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлашда соҳа ходимлари зиммасидаги масъулият янада ортди, - деди Ф.Зуфаров. - Вилоят прокуратураси органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида 2019 йил давомида муайян ишлар амалга оширилди.

Айниқса, қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш ҳамда бу жараёнда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан аниқ чоралар қўлланилмоқда.

Хусусан, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини яхшилашга қаратилган қонунлар ва Президент қарорлари ижросини таъминлаш борасида кўрилган чоралар, шунингдек, давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг тизимли равишда ўрганилиши натижасида 9 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди ва 3,5 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Ўтказилган текширувлар ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 107 миллиард сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 356 та жиноят иши қўзғатилди.

- Олиб борилган ишлар, умуман, прокуратура органлари фаолиятида ижтимоий масалаларга ҳам эътибор қаратиладими?

- Албатта. Бир нарсани кўп айтилган бўлса-да, қайд қилиш ўринли. Бугун прокуратура илгариги давлат қораловчиси, деган тузилмадан, қонунлар ижросини назорат қилувчи идорага айланди. Шу маънода ижтимоий масалалар ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлмоқда.

Хусусан, вилоят прокуратураси ташаббуси билан оилавий ажримларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйи­ча сектор раҳбарлари, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳамда бош­қа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида “Ҳаракатлар режаси” ишлаб чиқилиб, ишчи гуруҳлар тузилди.

Унга кўра, фуқаролик судлари ва ФҲДЁ органлари томонидан никоҳни бекор қилиш юзасидан аризалар келиб тушганлиги тўғрисидаги хабар ҳамда ярашиш учун муддат берилганлиги ҳақидаги қарорлар нусхалари жойлардаги ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, маҳаллалар раисларига дарҳол юборилиб, яраштириш комиссияси, оила маркази ва бошқа мутасадди идоралар, маҳалла фаоллари иштирокида ажралишга сабаб бўлаётган омиллар ўрганилиб, муҳокама қилиш ва тарафларни яраштириш чоралари кўрилмоқда.

Бу борадаги амалий тадбирлар давомида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 1154 таси яраштирилди, шунингдек, шаръий никоҳ асосида яшаётган 3317 оиланинг никоҳи расмийлаштирилиб, 33 та эрта никоҳнинг олди олинди.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси қошида “Ишонч-мадад” (“Телефон доверия”) маркази ташкил этилиб, қисқа давр мобайнида ишонч телефони орқали 344 нафар ва бевосита фуқарони қабул қилиш орқали 167 нафар шахснинг мурожаати кўриб чиқилди, натижада 65 оила яраштирилди, 154 нафари билан психологик суҳбатлар ўтказилиб, маслаҳат, тавсия ва амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Булар натижасида судларда никоҳдан ажралиш билан боғлиқ кўрилган ажримлар ўтган йилга нисбатан 280 тага камайди.

- Фарҳод Махамаджанович, аксарият ҳолларда жиноятчилик бекорчилик, қайсики иқтисодий етишмовчилик туфайли келиб чиқади. Бунинг олдини олиш учун прокуратура органлари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга амалий кўмак бериш доимий эътиборимизда. Биргина 2019 йилда прокурорларнинг амалий ёрдами билан  75 та меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, 2921 нафар, шундан 945 нафар аёл иш билан таъминланди ва 7400 нафарига ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Оғир турмуш шароитида яшаётган 1691 нафар хотин-қизга тиббий ёрдам кўрсатилди, 1045 нафарининг бандлиги таъминланди, 1711 нафарига 864,2 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилиб, 325 нафари уй-жой билан таъминланди.

Бундан ташқари, прокурорлар раҳбарлик қилаётган 2-секторлардаги 290 та маҳаллада мавжуд 3217 та кам таъминланган оиланинг 1839 таси ушбу тоифадан чиқарилди. Қолган 1 378 тасини кўмак орқали чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят прокурори секторидаги Пайариқ тумани Накурт ҳудудининг ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръати пастлиги, аҳоли, айниқса, 7 минг нафар ёшнинг бандлиги таъминланмаганлиги инобатга олиниб, фойдаланилмасдан келинаётган лалмикор ерларни ўзлаштириш мақсадида 20 та тик қудуқлар қурилиб, 50 гектар ер майдонида янги 12 та фермер хўжалиги ташкил этилди, интенсив боғ ва токзорлар яратилди. Натижада 500 дан ортиқ ишсиз ёшларнинг банд­лиги таъминланди.

- Демак, прокурор бугун қайсидир ҳудуд раҳбари сифатида ўша жойда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чораларини кўрмоқда. Бу борада ўзингиз раҳбарлик қилаётган секторда амалга оширилган аниқ ишларни мисол қилиб келтира оласизми?

- Мен раҳбарлиқ қилаётган сектордаги Пайариқ туманининг бир қисми суғорма деҳқончилик учун ноқулай, тоғли ҳудуд ҳисобланади. Туман марказидан 40-60 километр узоқликда жойлашган ушбу ҳудуднинг 29 қиш­лоғи аҳолиси учун тоза ичимлик суви катта муаммо эди. Ўтган йили 3 та янги сув иншооти қурилди ва 18 километр масофага сув тармоғи тортилиб, 650 та хонадон, 3 та мактаб, 1 та боғча ва 2 та қишлоқ врачлик пункти тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Яна бир ташаббус асосида Пайариқ туманининг олис тоғли ҳудуди ҳисобланган, 18 минг нафар аҳоли яшаётган, болалар учун бирорта боғча бўлмаган Накурт ҳудудида лойиҳа қиймати 2,5 миллиард сўмлик 180 ўринли замонавий типдаги янги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди.

- Кейинги вақтларда ёшлар, айниқса, мактабгача таълим масаласига прокуратура органлари томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай эмасми?

- Ёш авлод таълим-тарбияси, умуман, келажагимиз ворислари бўлган ёшларга эътибор, бу борадаги ишлар прокуратура органларининг доимий эътиборида.

Шу маънода вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабаб ва шарт-шароитлари ҳамда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга таъсир этувчи омиллар тизимли таҳлилининг амалга оширилиши, шунинг­дек, қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва прокуратура органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича доимий равишда таклифлар ишлаб чиқмоқда.

2019 йилнинг ўзида Бош прокуратурага турли соҳа ва йўналишларни такомиллаштириш, қонунчиликдаги бўшлиқларни, муаммоли масалаларни ҳал этишга доир 298 та таклиф берилди.

Хусусан, вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти, нодавлат, давлат-хусусий шериклик ва оилавий типдаги МТТларни ташкил этиш ишлари аҳволи таҳлил қилиниб, ўтказилган ўрганишлар, сўровномалар натижасида олинган 3,5 мингдан зиёд ота-оналар, ишчи ходимларнинг таклиф ҳамда мулоҳазалари, хориж тажрибаси асосида 30 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилган.

Прокуратура органлари томонидан мазкур йўналишда 750 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. 230 та текширув якуни бўйича 3800 та прокурор назорат ҳужжатлари қўлланилди.

Манзилли дастур ишлаб чиқилиб, 5 та ташаббус ижроси бўйича меҳрибонлик уйларида “Умид” ва “Лочин” футбол жамоалари, шашка, шахмат, муай-тай, ўзбек қўл жанги спорт  секциялари, “Ёш китобхон” каби бир қатор тадбирлар ташкил этилган ҳолда ўқитувчи ва мураббийлар бириктирилиб, турли мусобақалар, кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Дастур доирасида Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатувчи чет тиллари, аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанларга ихтисослашган “Fast education” ва “Ta’lim ko’prigi” каби нодавлат таълим муассасалари билан меҳрибонлик уйлари ўртасида ўзаро англашув меморандумлари тузилиб, вилоятнинг энг кучли ва юқори малакали ўқитувчилари томонидан бошқа тенгқурларига нисбатан имкониятлари чекланган тарбияланувчиларни ўқув курсларида бепул ўқитиш ишлари йўлга қўйилди.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар натижасида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 2018 йилда 8 фоиз, 2019 йилда 39 фоиз камайишига эришилди.

- Фарҳод Махамаджанович, жамиятда адолатни қарор топтириш, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали фаолият юритаётган барча прокуратура органлари ходимларини касб байрами билан қутлаймиз.

Ёқубжон МАРҚАЕВ

суҳбатлашди.