Қабулхонада ҳокимнинг тўқсонга кирган отасига нима бор?
Ёшларни иқтидор, салоҳиятига қараб каттароқ мансаб-мартабага кўтариб қўямизда, сўнг уларни яна ўзимиз «эскичаси»га йўлдан оздирамиз – калондимоғлик, манманлик бало-қазоларига гирифтор этамиз.
Бу қишлоқларда «адағ-адағ», «папалаш» ҳам дейилади. Йўқ, ана шу бало-қазоларни нафақат ёшларга, балки ўзимизга ўзимиз қиламиз.
Нохос ўша ўзимиз рўйхушлик берган катта мансабдор ёш раҳбарга ишимиз тушиб, унинг қабулига борсак ва у иши кўплик қилиб, вақти бўлмай беихтиёр ўзимиз ёмон кўрган калондимоғликни ўзимизга «совға» қилса, дод-вой кўтариб дунёни бузишгача борамиз. Ўзимиз пиширган ошни ўзимиз егимиз келмай қолади.
Мансаб курсида ўтирган ўта билимдон, ишчан, иқтидорли, камтар йигитча энди нимагадир кўримсиз кўриниб кўзимизга ва уни ўзимиз ўтмишдан миямизга сингган, сингдирилган – салобатли, важоҳатли, бадқовоқ, димоғдор, қориндор, кўринишидан одамларни «суст» бостириб, «ичини ўпириб юборадиган» тажовузкор қиёфада кўришни истаймиз.
«Ҳа, нима, раҳбар бўлгач, қамчисидан қон томиб турсин-да. Ҳар гапи юракни зир титратиб, ўйиб юборсин! Ана буни раҳбар деса бўлади».
…Балли, яхши гап. Аммо ҳадемай, у шу қилиғини ўзимизга қилса-чи? Бир дўқ уриб ичимизни, «нуратиб» юборса-чи?!
…Маориф бўлимида ўзимни бир пайтлар ўқитган Сойим маллимни жиғибийрон, сўкинган ҳолда учратиб қолдим.
- Ҳа, маллим?
- Қара, ўзим ўқитган ўқувчим-а! Тумшуғига хода етмайди, де! Ҳайф-е!
Ҳа, биз ўзимиз пиширган ошни ҳам ана шунақа қилиб еймиз жиғибийрон ҳолда. У танамизга сингармиди дейсиз сўнг. Асло!
Биз кўпинча ёшларимиздан илм, маърифат, қалб поклиги, одоб, мукаммалликни талаб қилмасдан турибоқ иқтидорларини сездикми келгусида «каттакон» раҳбар бўлиб кетишига ишондикми - бас, булар бариси бир четда қолиб, улардан калондимоғ-у улуғвор, савлат – сиёсатли бўлишларини сўраймиз, ўргатамиз шунга.
Бу нодонларча ҳой-у ҳавасларимиз эса вақти-соати келиб, бошимизга битган балога айланади.
…Тўқсон ёшли отахон ҳоким ўғлининг қабулига, қабулхонасига келибди. Нима бор унга бу ерда? Нима?!
Уйгинасида ўтириб ёки тўшагида ётволиб, баҳузур ҳоким ўғлига қўнғироқ қилса ҳам муроди ҳосил бўларди-ку.
Йўқ, у буни истамайди. Ўзининг ҳокимнинг отаси эканлигини, ана шундай зўр илм, иқтидорли фарзандни вояга етказганлигини намойиш этиб «ҳамма»га кўринмоқчи, кибрланмоқчи бўлди. Эҳ… Отаси қабулхонасига келган ёшгина, иқтидорли, илмли, ишчан, ҳоким ўғилга отанинг бу нохуш қилиғи қанчалик оғриқли таъсир этишини энди тасаввур қилинг…
Биз, кексалар замон бутунлай ўзгариб бораётганини наҳотки ҳалиям ҳеч тушунгимиз келмайди.
Муродим Умрзоқов.