Қаҳрамон бўлиш учун нима қилиш керак?
Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уйнинг деразасидан тушиб кетган қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолган мактаб битирувчилари ҳақида ўқиб, таъсирландим. Бугунги кун қаҳрамони сифатида эътироф этилаётган бу ёшларнинг кўрсатган жасоратини ҳар қанча олқишласак арзийди. Хўш, уларнинг ўрнида сиз бўлганингизда нима қилган бўлар эдингиз? Қаҳрамон бўлиш учун фақат кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш керакми?
Назаримда ҳар биримиз ҳар куни қаҳрамонлик қиламиз. Кимдир кўпроқ, кимдир камроқ. Қаҳрамонлик болалар ёки кексаларни серқатнов кўчалардан ўтказиб қўйиш, жамоат транспортида жой бериш ёки шунчаки, атрофимиздагиларга самимий ва меҳрибон бўлиш орқали ҳам намоён бўлади. Зеро, биз учун тош босмайдигандек туюладиган ҳар бир яхши амалимиз кимларнингдир тақдирини ўзгартириши, балки ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Қайтар дунё, деб бежиз айтишмайди, ахир. Сиз бугун кимгадир яхшилик қилсангиз, эртага у ҳам сизга ёки бошқа бир инсоннинг жонига оро кириши турган гап.
Шундай хаёллар билан ижтимоий тармоқ саҳифаларини кузатаман. Не кўз билан кўрайки, катта идоралардан бирининг раҳбари юпун кийинган бир аёл ва унинг икки ялангоёқ фарзандининг орасига кирволиб, эҳсон сифатида олиб келган иккита нони ва озгина "қарс-қурс"ини кўз-кўз қилиб суратга тушибди. Суратдаги аёл ва болаларнинг ўнғайсизланиб, юзини камерадан яширишга уринаётганидан англаш мумкинки, бу эҳсоннинг бадали уларнинг ғурурини топтамоқда. Хўш, буни қаҳрамонлик, деб бўладими? Ота-боболаримиз ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, деб бежиз айтишмаган. Амалдорлар кўз-кўз қилаётган “эҳсон”ини ўз чўнтагидан қилаётган бўлса ҳам майли эди, аслида кам таъминланганларга етказилаётган моддий ёрдамнинг асосий қисми давлат бюджетидан ёки махсус жамғармалардан ажратиляпти-ку.
Хуллас, кимнидир камситиб ёки қилган амалини кўз-кўз қилиб қаҳрамон бўлиб бўлмайди. Юқорида тилга олинган, 4 ёшли қизалоқни қутқариб қолган ёшлар бу ишни машҳур бўлиш учун қилишган, деб ўйлайсизми? Ўша вақтда машҳурликни ўйлашга фурсат ҳам бўлмагани турган гап. Улар виждонига қулоқ тутди, холос. Шундай экан, биз ҳам виждон билан ҳисоблашайлик. Беғараз яхшилик қилишни бугундан, шу ондан бошлайлик.
Адиба Ўринова,
СамДЧТИ халқаро журналистика йўналиши талабаси.