Самарқанд давлат университети талабалари Японияда ўқийди

Ўзбекистон – Япония олий таълим муассасалари ректорларининг III конференциясига келган Япония делегацияси 9 июль куни Самарқандда бўлди.

Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири ўринбосари, Япония парламенти Вакиллар палатаси депутати Хироюки Накамура бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб Самарқанд давлат университетининг Халқаро таълим дастурлари маркази билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилаётган марказда Хитой, Ҳиндистон, Исроил, Россия, Корея Республикаси, Япония ва Европа иттифоқи университетлари таълим дастурлари жорий қилиниши, дастурдан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида меҳмонларга атрофлича маълумот берилди.

Шундан сўнг Самарқанд давлат университети ҳамда Япониянинг СОКА ва Когакуин университетлари ўртасида қўшдиплом таълим дастури бўйича битимлар имзоланди.

– Бугунги кунда Япониянинг ўнга яқин олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қиламиз, – дейди Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Мухтор Носиров. – Эндиликда уларнинг қаторига Сока ва Когакуин университетлари ҳам қўшилди. Имзолаган битимга кўра, университетимизнинг бакалавр таълим йўналишлари талабалари дастлабки 2 йилни ўзимизда, кейинги 2 йилни Япония университетларида ўқишлари мумкин. Худди шундай магистрларимиз ҳам бир йил ўзимизда, бир йил кун чиқар юртда таълим олишади. Бундан ташқари, япониялик профессор-ўқитувчиларнинг университетимиз талабаларига сабоқ бериши кўзда тутилган. Улар мазкур жараён давомида ўзларининг илмий-тадқиқот ишларини ҳам олиб боришади.

Учрашувда японияликлар олимлар Самарқанд давлат университетида тарих, археология, манбашунослик, хорижий тиллар ва бошқа йўналишлар бўйича таълим ва илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда амалга оширишга оид дастурларга таклиф этилди.

– Самарқанд давлат университети билан танишиб, шунга амин бўлдикки, муассасанинг илмий салоҳияти, бу ерда ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шарт-шароит бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради, – дейди Сока университети президенти Ёшиҳиса Баба. – Шунинг учун ҳам биз университет билан қўшдиплом таълим дастури бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни мақсад қилдик. Ушбу битим асосида университет талабалари таълимнинг ярмини Японияда давом эттиради. Бизнинг профессор-ўқитувчиларимиз бу ерда дарс беради ва ўз тадқиқотларини олиб боришади. Кейинчалик япониялик талабаларнинг ҳам Самарқандда ўқишини ташкил этиш режамизда бор.