Самарқандда адлия органлари томонидан шаҳар ва туман ҳокимликларида 300 дан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев zarnews.uz га берган маълумотида ҳокимликларнинг 200 дан ортиқ қарорлари бекор қилиниши сабабларига ҳам тўхталди.
Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилиши белгиланган.
Бироқ юридик хизмат лавозимига номзодларни танлаш ва ишга қабул қилиш иш берувчи томонидан амалга оширилади. Адлия органлари юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш бўйича ўтказилган суҳбат асосида юридик хизмат ходимларининг ҳуқуқий билимига баҳо бериб, лавозимга тайинланишига мувофиқлигини билдиради, холос.
Юридик хизмат ходими ташкилотнинг юридик ҳужжатларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишида ва унга ҳуқуқий баҳо беришида адлия органлари иштирок этмайди ҳамда фаолиятига аралашмайди.
Ўрганиш ва мониторинг натижасида шаҳар ва туман ҳокимликларида 300 дан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди, 200 дан ортиқ қарорлар бекор қилинган.
Аммо ушбу камчиликларда фақатгина юридик хизмат ходимини айблаш ноўрин. Чунки ҳокимликда қабул қилинаётган барча қарорлар ҳам юридик хизмат ходими томонидан ишлаб чиқилмайди ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайди. Қарор лойиҳалари йўналишига кўра котибият ходимлари томонидан ишлаб чиқилади ва аксарият ҳолларда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун юридик хизмат ходимига тақдим қилинмасдан қабул қилинади. Оқибатда қонун ҳужжатларига зид тарзда қарорлар қабул қилинмоқда.
Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида адлия вазирлигининг ташаббуси билан жорий йилдан адлия бўлимлари ҳузурида юридик хизмат марказларини очиш режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йилнинг июль ойидан эса Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги қарорига мувофиқ “E-qaror” электрон тизими ишга туширилади ва ҳокимларнинг қарорларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш тартиби жорий этилади.