Самарқандда картошка экиб зарар кўрган фермерларга 1,5 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ундириб берилди
Бу ҳақда zarnews.uz га вилоят прокуратураси маълум қилди.
Оқдарё туманида бу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Қайд қилинишича, ўтган йилда вилоятда ғалладан бўшаган 10 минг 57 гектар майдонга такрорий экин сифатида картошка экилган.
Прокуратура органлари томонидан ўтказилган ўрганишда 189 фермер хўжалигига 5 та импортчи корхоналар томонидан 3,6 миллиард сўмлик 581 тонна уруғлик картошка етказиб берилмаганлиги ёки 317 фермер хўжалиги томонидан экилган 2,8 миллиард сўмлик 455 тонна уруғлик картошка экилгандан сўнг униб чиқмасдан яроқсиз ҳолга келганлиги аниқланган.
Фермер хўжаликлари ҳисобига 1 миллиард 647 миллион сўм маблағ импортёр корхоналардан ундириб берилган ва 1 ҳолатда жиноят иши қўзғатилган.
Жумладан, «SAM GOLD» масъулияти чекланган жамияти томонидан Оқдарё туманида жойлашган 166 фермер хўжалиги ҳамда 34 нафар фуқарога уруғлик картошка ўрнига истеъмол (озуқа) картошка тарқатилган. Бу ҳолат юзасидан жамият раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.