Самарқандда Шаҳарсозлик кенгаши қурувчи тадбиркорлар лойиҳаларини муҳокама қилди

Самарқанд вилоят қурилиш бошқармасида Самарқанд шаҳрида қурилган ва қурилаётган бинолар лойиҳаларининг шаҳарсозлик кодекси ҳамда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон меросига киритилган шаҳарлар талабларига жавоб берадиган тарзда амалга оширилишини таъминлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда шаҳарсозлик кенгаши аъзолари - вилоят ва шаҳар ҳокимлигининг қурилиш, архитектура ишлари бўйича раҳбар ва мутахассислари, Тошкент ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтлари профессор-ўқитувчилари, Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос департаменти вилоят бошқармаси мутахассислари иштирок этди. Мутахассислар шаҳар ҳудудида қурилаётган 141 та бино, кўп қаватли иншоотлар, тураржой ва нотураржой бинолари ва бошқа хусусий мулк объектларини шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига мос, ташқи кўриниш ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли амалга оширилган ҳолда бунёд этиш бўйича маслаҳат берди. Айрим лойиҳалар кенгаш аъзолари томонидан кенг муҳокама қилинди.

- Самарқанд шаҳридаги барча қурилиш объектлари бош режа асосида қурилмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуров. – Яъни, бугунги кунда шаҳар ўзининг тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, кўркам қиёфага эга бўлиши лозим. Энди ҳар бир турар жой, ижтимоий объект, меҳмонхона, маиший ва савдо хизмати иншооти миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилиши зарур. Бироқ кейинги пайтларда кўп қаватли уйлар, меҳмонхоналарни бунёд этишда мавжуд талабларга риоя этмасдан қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари кузатилди. Ёки қурилаётган бино учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ниҳоясига етказилмасдан ёки экспертиза хулосасини олмасдан ишга киришилгани аниқланди. Бугун муҳокама этилаётган 141 та объект орасида ана шундай ноқонуний ҳолда қурилганлари ҳам бор.

Муҳокама давомида архитектуравий хулоса олмаган ёки шаҳарсозлик кодекси талабларига жавоб бермайдиган биноларнинг қўшимча қаватлари ва мансарини бузиш, экспертиза хулосаларини олиш, вилоят қурилиш соҳасида назорати инспекцисиядан рухсатнома берилгунга қадар қурилишни тўхтатишга кўрсатма берилди.

Акрам БЎРИЕВ.