Самарқандда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган суицид ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 5 тага ошган: Ота-оналар ўз вақтида фарзандига эътибор бераоляптими?
Оилада фарзанд дунёга келар экан, ҳар бир ота-она унинг камоли, орзу-ҳавасини кўришни ният қилади. Унинг ҳар томонлама бекаму кўст вояга етиши учун барча зарур шароитларни яратади. Аммо меҳр ва эътиборни унутади.
Бугун ёшлар орасида келиб чиқаётган жиноятчилик, суицидларнинг аксарияти ота-оналарнинг иш, пул топиш важидан фарзандларига бефарқлиги ортиб келиб чиқаётгани сир эмас. Фарзандини дарду ташвишларидан бехабарлиги, айрим ҳолларда тарбиячи-энагалар қўлига топшириб, ўз юмушлари билан бандлиги ўзларига ҳам, жамиятимизга ҳам қимматга тушмоқда.
Мисол учун, ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган Самарқанд шаҳридаги 64-сонли махсус мактаб ўқувчисининг ўз жонига қасд қилиши минг афсуски ота-оналаримизнинг бефарқлиги оқибатидир.
Тўғри, ушбу масканда фаолият олиб бораётган масъуллар лозим даражада эътиборли бўлмагандир, аммо марҳумнинг олдин ўғирлик жиноятини содир этишигача ва бу масканга келиб қолишигача бўлган жараёнда нега сусткашликка йўл қўйилди?
Нима учун баъзи ота-оналаримиз фарзандига “оқибат”, “диёнат”, “иймон”нинг тўғрилигини, “хиёнат”, “нонкўрлик”, “лоқайд”ликнинг нотўғри ва миллатимизга бегона жиҳатлар эканлигини англатмаяпти, шахсий намуна бўлмаяпти.
Бунинг натижасида вилоятда биргина вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган суицид ҳолатлари жорий йилнинг ўтган олти ойида ўтган йилга нисбатан 5 тага (33/28) ошганлиги бизни огоҳликка чорламайдими? Хўш, нима учун бу каби ҳолатлар ён-атрофимизда кўплаб кузатиляпти, деган саволни ўзимизга беряпмизми? Афсуски йўқ.
Ҳаётда ўз жонига қасд қилган ҳолларни “бу касаллик”да, деймиз. Аммо ҳеч бир инсонни унинг руҳий ҳолатидан қатъий назар “суицидга мойил” деб бўлмайди, негаки, дунё миқёсида ўз жонига қасд қилаётганларнинг аксариятини психологик жиҳатдан соғлом ва меҳнатга лаёқатли кишилар ташкил қилади.
Шундай экан буни “бу касаллик”да дейиш бемаъниликдан бошқа нарса эмас ва бу галлюсинациянинг турли кўринишида содир бўладиган ҳолат дейиш тўғрироқ назаримизда.
Яна битта факт, суицидни содир қилганларнинг 50 фоиздан ортиғини оилалилар, 40 фоизини турмуш қурмаганлар ва 10 фоизга яқинидан ажрашганлар ташкил қилади. Демак оиладаги тарбия ва назорат муҳим аҳамиятга эга экан.
Шунингдек, рашк, дўсти, турмуш ўртоғи, таниши, ота-онаси ёки турмушга чиқмоқчи бўлган одами билан низоли вазият вужудга келганда, оқибатини билмай маълум бир кишини қўрқитиб қўйиш, мол-мулк, тураржой, мерос талашиб, муттасил оилавий низолар (эр-хотин, қайнона келин, овсинлар), кутилмаган кучли руҳий зарба, моддий, иқтисодий етишмовчилик (иложсизлик, қарздорлик), ҳаётдаги турли муаммолар, ҳаёт мазмунини тушунмаслик, турли деструктив ғоялар таъсирига тушиш (кинофильмлар, “оммавий маданият” таъсири), камситишлар ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.
Суицидентлар жинси бўйича таҳлил қилинганда, вояга етмаганлар ва 30 ёшгача бўлган фуқаролар ўртасида хотин-қизларнинг салмоғи ўғил болалар ва эркакларникидан 20 фоизга кўп эканлиги, жамиятда хотин-қизлар билан ишлаш борасида янгича ёндашув лозимлигидан далолат. Бирор барча ёш категориялари умумлашганда суицидентларнинг асосий қисмини эркаклар ташкил қилади.
Суицидни содир этадиган “ҳудуди” оилада эканлиги ота-оналар ҳамда жойлардаги масъуллар томонидан шу каби салбий вазиятларни такроран юзага келмаслигининг олдини олиш бўйича аниқ, мақсадли амалий ишлар қилиниши лозимлигини белгилаб бермоқда.
Ғофур БОБОБЕКОВ,
Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим бошлиғи.