Самарқандда йил якунига 49 боғча фойдаланишга топширилади

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, Инвестиция дастури асосида йил якунигача 49 та мактабга таълим муассасаси қуриб, фойдаланишга топширилади. Натижада 6030 нафар ўғил-қизлар мактабга таълим муассасасига қамраб олинади.

Хусусан, энг кўп мактабгача таълим муассасаси Ургут ва Нарпай туманларида бунёд этилмоқда. Бу икки ҳудудда йил якунигача 5 тадан давлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, "Обод қишлоқ" дастури асосида 10 та давлат мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади, яна 10 та боғча мукаммал таъмирланади.

"Обод қишлоқ" дастури доирасида олиб борилаётган ушбу ишларга 42 миллиард 380 миллион сўм маблағ ажратилган.

Бугунги кунда вилоят мактабгача таълим тизимида жами 1572 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда.

Жумладан, шаҳар ва туманларда 639 таси давлат, 1 та ташкилотга қарашли ва 932 таси нодавлат (55 та хусусий, 34 та давлат-хусусий шериклик асосида ва 843 та оилавий) мактабгача таълим муассасалари мавжуд.

Маълумотларга кўра, 315028 нафар мактабгача ёшдаги болаларнинг 112 328 нафари (35,7 фоиз) мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.

Улардан 79,3 фоизи давлат, 2,5 фоизи нодавлат (хусусий), 18,1 фоизи давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаларига қатнайди. Шунингдек, 0,1 фоизи ўғил-қизлар ташкилотга қарашли боғчаларда таълим-тарбия олади.