Самарқанддаги қурилиш жараёнларида 4,3 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган

Жорий йилда вилоятда “Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси” давлат муассасаси буюртмачилигида 1495,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 231 та, жумладан, 133 та (106 та мактаб, 27 та МТТ) объектда қурилиш реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилади. Бу ҳақда вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳамда вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

-  Инвестиция дастури доирасида ўтган  йилда 1189,9 миллиард сўм маблағ сарфланиб 194 та объектдан 137 таси фойдаланишга топширилди, - дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси вазифасини вақтинча бажарувчи Баҳодир Негматов. - Дастурлар доирасида объектлар лойиҳа ҳужжатларини алоҳида ўрганиш натижасида 141,1 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди. Қурилиш давомида 464 ҳолатда 3,1 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар, 213 ҳолатда 4,3 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланиб, бартараф этилди.

2023 йилда “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳамда уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 10079 хонадонли 185 та уй фойдаланишга топширилди. Вилоятда 4288 нафар аҳолига 1108,2 миллиард сўм ипотека кредити ажратилди. Жорий йилда “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳамда уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 11300 хонадонли 185 та уй қурилади.

Расмийларнинг маълумотига кўра, янгидан қуриб фойдаланишга топширилган сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган 420 та бино ва иншоот электрон техник паспорти ягона интеграциялашган платформага киритилиб, техник паспорти тўлиқ шакллантирилган. Шаҳарсозлик талаблари бузилган 57 ҳолатда қурилиш ишларини вақтинчалик тўхтатиш, 4 ҳолатда лицензияни бекор қилиш бўйича тақдимномалар киритилган.

Қурилиш соҳасида энг кўп мурожаат ва муаммолар ҳудуднинг бош режаси йўқлиги туфайли юзага келарди. Тадбирда маълум қилинишича, энди бу ҳолатга босқичма-босқич ечим топилмоқда.

-  Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023-2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, - дейди вилоят бош архитектори Сайфиддин Нарзуллаев. – Қарорга асосан вилоятимиздаги 33 маҳалланинг бош режа лойиҳалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда ёндош маҳаллаларнинг шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемаларини тайёрлаш белгиланган. 2023 йилда Каттақўрғон (Жумабой), Оқдарё (Янгиқўрғон), Пахтачи (Ҳунарманд), Тойлоқ (Жумабозор)даги маҳаллаларнинг бош режалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда ёндош маҳаллаларнинг шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемалари ҳам ишлаб чиқилди.

Шунингдек, 2024 йилда яна 9 та тумандаги 10 та, 2025 йилда 6 та тумандаги 6 та, 2026 йилда 5 тумандаги 6 та, 2027 йилда 6 та тумандаги 6 та маҳалланинг бош режаси “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилиши билан бир вақтда ёндош маҳаллаларнинг шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемалари ҳам ишлаб чиқилади. Ҳозирда вилоятдаги 1128 та маҳалланинг 430 таси, яъни 38 фоизи бош режа билан қамраб олинган. 2024-2027 йилларда қўшимча 29 та маҳалланинг бош режаси ишлаб чиқилса, бу кўрсаткич 40 фоизга етади.

Бундан ташқари, вилоят ва туман бўйсунувидаги 11 та шаҳар тўлиқ бош режа билан таъминланган, туманлар бўйсунувидаги 88 та шаҳарчанинг 23 тасида (26 фоиз) бош режа ишлаб чиқилган. 2027 йилгача яна 16 шаҳарчанинг бош режаси ишлаб чиқилиши билан бу кўрсаткич 40 фоизга етказилади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.