Самарқанддаги тез тиббий ёрдам шохобчаларига 20 та “Дамас” автомашиналари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ҳар бир вилоятда намунали бирламчи тиббиёт муассасалари ташкил этиш ҳамда унга қўйиладиган талаблар юзасидан семинар ўтказилиши белгиланган.

Худди шундай семинар Самарқанддаги тиббиёт муассасаларида бўлиб ўтди. Семинар аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Пардаев иштирокида вилоятдаги тез тиббий ёрдам шохобчаларига 20 та  «Дамас» машиналари тантанали топширилди.

Маросимда вилоят ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқиб, вилоятда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор хусусида тўхталди.

- Шу йилнинг ўзида маҳаллий бюджетдан тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун 27 миллиард сўм маблағ ажратилди, - деди вилоят ҳокими. - Шунингдек, бунга қадар 20 та енгил машина, 16 та бошқа турдаги автомобиллар ажратилди.

Тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги 4-, 9-оилавий поликлиника ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиникада бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишди. 9-поликлиникада маҳаллий бюджет ҳисобидан 4 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Электрон поликлиниканинг аҳамияти нимада? У қайси муассасаларда йўлга қўйилган? Кейинги хабарларимизда шу ҳақда тўхталамиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА.

Алишер ИСРОИЛОВ (фото).