Самарқанддаги хусусий корхона учун газ баллонлари етказиб бермаган МЧЖга пеня белгиланди

Бу борада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси судга даъво ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатда жавобгар «Махсус металл саноат» масъулияти чекланган жамиятидан 46 миллион 395 минг 600 сўм асосий қарз ва 4 миллион 639 минг 560 сўм пеня ундиришни, ундирув эса жавобгарнинг ликвидли мол-мулкларига қаратиш сўралган. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисида вакил иштирокини таъминламади.

Ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, даъвогар вакилининг кўрсатмаларини тинглаб, суд қуйидагиларга кўра, даъвони қаноатлантиришни лозим, деб топди.

Аниқланишича, 2019 йил 22 февралда «Махсус металл саноат» масъулияти чекланган жамияти ва «Ehtiyot qism savdo MTP» хусусий корхонаси ўртасида олди-сотди шартномаси имзоланган.

Шунга асосан «харидор» «сотувчи»нинг ҳисоб рақамига маҳсулот ҳақини 100 фоиз олдиндан 60 кун мобайнида ўтказиб берган. Бироқ «сотувчи» маҳсулот (юқори босимли темир газ баллонлар) етказиб беришни кечиктириб келган.

Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.2-бандига кўра, «сотувчи» маҳсулотни белгиланган муддат ичида «харидор»га етказмаган тақдирда етказилмаган маҳсулотнинг қийматидан ҳар бир кечиктирилган кун учун 1 фоиз, бироқ етказилмаган маҳсулот қийматининг 10 фоизидан ошмаган миқдорда пеня тўлаши белгиланган.

Аслида Фуқаролик кодексининг 263-моддасига кўра, неустойка тўлаш тарафларнинг келишувида назарда тутилган ёки тутилмаганлигидан қатъи назар, кредитор қонунда белгиланган неустойка (қонуний неустойка)ни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Суд  даъво талабларини қаноатлантиришга қарор қилди. Яъни, жавобгар «Махсус металл саноат» масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар «Ehtiyot qism savdo MTP» хусусий корхонаси фойдасига 46 миллион 395 минг 600 сўм асосий қарз, 4 миллион 639 минг 560 сўм пеня ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, «Махсус металл саноат» масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджети, суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 1 миллион 20 минг 703 сўм давлат божи ҳамда 17 минг 840 сўм почта харажатлари ундириладиган бўлди.

Ўктам МУРАДОВ,

Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси.