Самарқанддаги яна бир неча йўналишда Хитойдан олиб келинган автобуслар қатнови бошланди
Яқинда “Мароқанд транс 777” МЧЖ томонидан олиб келинган “Кинг Лонг” русумли замонавий автобуслар Самарқанд шаҳридаги айрим йўналишларда ҳаракатлана бошланганлиги ҳақида хабар берилган эди. Янги, 70-рақамли “Сартепа массиви-Ўрмон хўжалиги” йўналишли 10 та автобус Сартепа масканидан бошлаб шаҳарнинг Туркистон, Амир Темур, Буюк Ипак йўли, Мирзо Улуғбек, Гагарин, Навоий шоҳ, Чуқур йўл (Курчатов), Рудакий, Шоҳи Зинда, Уста Умар Жўрақулов, Зарафшон шоҳ, М-37 автомобил йўли (Катта ўзбек тракти) орқали вилоят ўрмон хўжалиги бошқармасигача келади ва йўналишни якунлайди. Мазкур йўналишнинг қатнови масофаси 16.6 километрни ташкил этади. Сартепа масканига қайтишда эса Афросиёб, Ибн Сино ҳамда Имом ал-Бухорий кўчалари орқали Рудакий номли кўчага қайтиб яна ўз йўналишида давом этттиради.
Шунингдек, шаҳарда Садриддин Айний номли кўчада яна бир йўналиш очилди. “Симетра” хорижий компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган транспорт мастер режасига асосан М15-рақамли “Темирйўл вокзали - Шодиёна савдо мажмуаси” (айланма) шаҳар автобус йўналиши Темирйўл вокзалидан бошланиб, Рудакий, Гагарин, Мирзо Улуғбек, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Шабод, Уста Умар Жўрақулов кўчасига чиқади ва Шоҳи Зинда, Даҳбед, Регистон, Университет хиёбони, Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек, Гагарин, Рудакий кўчалари орқали Темирйўл вокзалида ҳаракатини якунлайди.
Мазкур йўналишда ҳам 7 та замонавий, электрон тўлов тизими мавжуд бўлган автобуслар 14 дақиқалик интервал асосида ҳаракатланади.
Шаҳримизда янги-янги йўналишларнинг пайдо бўлгани яхши албатта, бироқ, жамоат транспортларида йўналишларнинг номларини ёзишда айрим хатоликларга йўл қўйилмоқда. Жумладан, “Саттепо-Ўрмон хўжалиги” йўналишидаги автобусларда Давлат тили қонунларига амал қилинмаган ҳолда жой номи нотўғри кўрсатилган. Аслида “Сартепа-вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси” йўналиши тарзида бўлиши керак. Буни мутасаддилар эътиборга олишади, деб ўйлаймиз.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.