Самарқандлик талабалар йўқолган буюмларни эгасига қайтаришда хизмат қилувчи дастурий илова яратди

Жорий йилнинг 13-15 декабрь кунлари Тошкентдаги Турин политехника университетида “Open Data Challenge” танлови бўлиб ўтди. Юртимизда ҳар йили очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда иловаларни ишлаб чиқиш бўйича ўтказиладиган ушбу танлов бу йил ҳар йилгидан бошқача уюштирилди.

Унда Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали талабалари Дилшод Халилов, Фарруҳ Ҳамроқулов ва Улуғбек Эшонқуловлар томонидан тузилган “Terrabayt Pro” жамоаси “Ижтимоий сектор ва бизнес учун очиқ маълумотлар” йўналишига доир “FoundLost” лойиҳаси билан иштирок этиб, 3-ўринни қўлга киритди.

“Terrabayt Pro” жамоаси томонидан ишлаб чиқилган “FoundLost” дастурий иловаси йўқолган буюмларни ўз эгасига қайтаришда хизмат қилади. Бу илова бирор нарсани йўқотган ва уни топиб олган киши билан ўзаро боғланиш имкониятини беради.

“FoundLost” дастурий иловаси кундалик ҳаётимизда кўп учрайдиган муаммоларда, яъни йўқолган буюмларни ўз эгасига қайтаришда бир қанча қулайликларни яратиб бериши кутилмоқда.

“Open Data Challenge” танловининг асосий мақсади дастурий таъминотни ишлаб чиқарувчиларнинг профессионал ҳамжамиятини ривожлантириш, давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари вакилларининг, шунингдек, турли соҳадаги танлов иштирокчиларининг тегишли кўникмаларини шакллантириш, очиқ маълумотлар соҳасида давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишдан иборат. Танлов жараёнида қатнашчилар очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда аниқ рақамли ечимларни ишлаб чиқа олишлари лозим.

ТАТУ Самарқанд филиали ахборот хизмати.