Самарқанднинг иқтисодий ўсиш нуқталари белгиланди: 3-ўсиш нуқтаси
“Бу йўналиш янги технологик ёндашувлар асосида кимё ва нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳисобланади, - дейди Дилшод Шакарбоев. - Қишлоқ хўжалиги ва саноатда кимёвий хомашёларнинг ўрни юқори. Янги турдаги кимёвий ўғитлар ва 50 миллион долларга яқин импорт қилинаётган товарларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун барча инфраструктура ва кўникма мавжуд”.
Вилоятда 246,9 минг гектар экин майдони бор. Ушбу майдонларнинг 48,2 минг гектари томчилатиб суғориш тизимига ўтказилган. Шунинг учун томчилатиб суғориш учун зарур бўлган қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш давр талаби ҳисобланади. Бу йўналишда 27 та лойиҳа ишга туширилади.
Масалан, “Самарқандкимё” заводига Кипр давлати инвестори “Ferkensco Management Limited” томонидан 200 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилмоқда. Натижада йилига 300 минг тонна аммофос ва шунча миқдорда “МПК”, 26,5 минг тонна томчилатиб суғориш қувурлари ишлаб чиқарилади. Минга яқин янги иш ўрни яратилиб, бюджетга қўшимча 138,2 миллиард сўмлик тушум бўлади.