Тўқимачилик саноатнинг етакчи тармоғи бўла оладими?

Коронавирус пандемияси дунё иқтисодиётига сезиларли даражада салбий таъсир ўтказмоқда. Ўзбекистонда ҳам пандемия оқибатида юзага келадиган йўқотишларнинг олдини олиш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга эришиш зарур. Ишсизликни камайтириш орқали камбағалликка барҳам бериш, шу йўл билан бюджет ва аҳоли даромадларини ошириш вазифаси турибди. Бундай вазиятда тўқимачилик саноатига аҳоли бандлигини ва экспортни таъминлайдиган соҳа сифатида қаралмоқда. Хўш, ҳақиқатан ҳам тўқимачилик саноати иқтисодиётда етакчи тармоқ бўла оладими?

Рақамларга қарайдиган бўлсак, тўқимачилик соҳасининг йиллик экспорт ҳажми 1,5 миллиард АҚШ долларидан кўпроқни ва 350 мингдан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлайди. Яъни, тўқимачилик мамлакатимиз саноатида банд бўлган ишчиларнинг тўртдан бир қисмини ташкил этади.

Тобора авж олаётган глобал молиявий инқироз жаҳон бозори конъюнктураси қайси томонга ўзгаришини олдиндан башорат қила олишга ҳеч қандай имконият бермайди. Бундай шароитда ишлаб чиқариш соҳаларидан қайси бири локомотив ролини бажараши ҳам савол остида қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, янги йирик инвестицион лойиҳаларга қўл уришдан олдин чуқур маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш зарурлиги иқтисодий бошқарув фаолиятидаги энг долзарб вазифа. Шу билан бирга, иқтисодий таҳлил ёрдамида бошқа жиддий саволларга ҳам жавоб топа олиш лозим.

Нима сабабдан иқтисодиёти яхши ўсаётган Россия Федерацияси биз учун "яшил коридор" жорий этган 2019 йилда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми ўтган йилларга нисбатан кўпайиш ўрнига камайди? Нега умумий экспорт ҳажмида ип-калаванинг улуши юқори даражада сақланиб қолмоқда? Рақобатчи мамлакатлар, жумладан, Хитой, Туркия ва Бангладеш компанияларининг Европа мамлакатлари бозорига қаратилган маркетинг режалари нималардан иборат? Кўриниб турибдики, тўқимачилик соҳаси истиқболларини белгилашда жавоблардан кўра саволлар кўпроқ.

Шубҳасиз, инвестицион фаолиятдаги натижадорликка эришиш учун ташқи омиллар таъсирини ўрганиш билан бир қаторда, ички омилларнинг таҳлили ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 600 минг тоннага яқин 200 дан кўпроқ ип-йигирув фабрикалари бор. Уларнинг аксарияти 20-25 йил олдин ишга туширилган, маънан ва жисмонан эскирган асбоб-ускуналардан фойдаланиб фаолият кўрсатмоқда. Шу сабабдан, бундай корхоналар халқаро бозорларда кучайиб бораётган рақобатга дош бера олмайди. Улар ички имкониятлар ҳисобидан ўз фаолиятини замонавийлаштиришга ҳам кластер тизимида хомашё етиштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш ҳам қодир эмас.

Қайта ишлаш жараёнида ипнинг вазни тола вазнига нисбатан 10-12 фоизга камайишини, яна ушбу корхоналар учун солиқ ва кредит, таъмирлаш ва энергия харажатлари кўплигини ҳисобга олсак, бирламчи қайта ишлаш корхоналаридан инвестицион жозибадорликни кутиш ноўрин.

Янги тартибга кўра, 1 тонна толани сотиб олиш учун унинг истеъмолчиси тахминан 100 доллар кам сарфлайди. Кластер нуқтаи назаридан қараганда, саноат корхонаси ютиши билан фермер хўжалиги ютқазади, бундай ҳолат эса умумий манфаатдорликка хизмат қилиши гумон. Шундан келиб чиқиб, аввало, ип-йигирув фабрикаларида мониторинг ўтказиб, тўлақонли кластерлар таркибига киритиладиган корхоналарни аниқлаб олиш лозим.

Энди соҳа экспорти таркибини таҳлил қилиб кўрайлик. Унда 90 фоизни ип-калава ва полотнога ўхшаган ярим тайёр маҳсулотлар ва қолган қисмини эса тикув-трикотаж маҳсулотлари ташкил этади. Шундай экан, инвестициялар биринчи навбатда, ип-йигирув фабрикаларини танлов асосида модернизация қилишга, параллель тарзда баланс услубига таянган ҳолда тикув ва бўяш цехлари, тикувчилик корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга йўналтирилиши керак.

Узоқ йиллар давомида хомашё етиштириш ва уни қайта ишлашда вужудга келадиган иқтисодий муносабатлар ягона занжир сифатида эмас, балки алоҳида-алоҳида қилиб такомиллаштирилди. Натижада ушбу занжирнинг бирламчи буғинида муаммолар тўпланавериб, у йилдан-йилга сийраклашди. Ва ниҳоят, бу номутаносибликни бартараф этишда кластерлар ташкил этиш ягона йўл сифатида кўрилди. Аммо Ўзбекистонда биринчи тўқимачилик кластерлари фаолият бошлаганига уч йил бўлди. Лекин уларнинг самарали фаолият кўрсатишига хизмат қиладиган хўжалик механизмини қонунчилик асосида яратиш жараёни охиригача етказилмай қолмоқда. Шу сабабдан республикамизда ҳақиқий кластерлар сони саноқлилигича қолмоқда. Натижада соҳага бозор иқтисодиёти дастакларига таянадиган бошқарув тизими, рақобатбардошликни таминлайдиган бошқа омиллар етарли даражада жорий этилмади.

Сир эмаски, охирги йилларда хомашёнинг таннархи тез ўсиб боряпти. Сабаби пахтачиликда агротехник тадбирларнинг механизациялаш даражаси ва моддий таъминотдаги барқарорликни таъминлаш, илм-фанга асосланган ва доимо такомиллаштириладиган селекция ишлари билан боғлиқ муаммолар талайгина. Қишлоқ хўжалиги техникаси, маъданли, айниқса, фосфорли ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материалларининг улгуржи нархлари пахта харид нархларидан кўра тезрок ўсаётгани туфайли соҳани бошқаришда жиддий нуқсонлар сақланиб қолмоқда.

Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқариш муносабатларини тартибга солувчи қонунлардан бири қиймат қонунидир. Ушбу қонун қишлоқ хўжалик фаолиятида ўзига хос хусусият билан амал қилиши иқтисодий назариядан яхши маълум. Унинг талабларига риоя қилинса, яъни харид нархлари табиий унумдорлиги паст бўлган ерларда рентабелликни таъминлайдиган даражада ўрнатилса, керакли натижага эришилади. Халқаро статистикага биноан, экин майдонларининг кўпи билан учдан бир қисми юқори ҳосилдорликка эга. Қолган қисмидаги натижалар интенсив технологияларнинг қўлланишига боғлиқ. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш жараёнини рағбатлантиришга қаратилган бозор дастаклари ушбу қонун талаблари асосида табақаланмаган.

Мисол учун, харид нархлари ва кредит ставкалари барча пахта экин майдонларига нисбатан бир хил даражада қўлланилади. Шу сабабдан, республика бўйича ўртача ҳосилдорлик 27 центнер бўлган шароитда экин майдонларининг ярмида ушбу кўрсаткич 20 центнерга ҳам етмайди. Кўриниб турибдики, гап фақат харид нархини белгилашда эмас. Мантиқан ёндашганда, пахтани балл-бонитети юқори бўлган майдонларга жойлаштириш ва интенсив технологияларга таянган ҳолда ишлов бериш муҳим. Шундай йўл тутилса, 1 миллион гектарда эмас, балки 750-800 минг гектардан ҳам режадаги ҳосилни олиш мумкин. Чунки интенсив технология юқори унумдорликка эга экин майдони бирлигига кўпроқ меҳнат, моддий-техника ва молиявий ресурсларни жадаллик билан йўналтиришдир. Афсуски, бизда узоқ йиллар давомида бундай ёндашувга эътибор берилмай, экстенсив услубда ишлашни афзал кўрдик. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда улкан имкониятдан фойдаланмадик.

Мисол учун, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишни олайлик. Ҳозиргача ушбу йўналишда қандай молиявий ёндашув яхши самара беришини аниқлаб олганимиз йўқ. Натижада, йилига пахта экин майдонларининг атиги 3-4 фоизигина замонавий суғориш технологияси билан қамраб олинмоқда. Пахта теримида асосан қўл меҳнатига таянилади. Шу сабабли уни қисқа муддатда сифатли териб олишга ҳам ортиқча харажатларни тежашга ҳам эриша олмаяпмиз.

Шу боис тўқимачилик саноати мамлакатимиз иқтисодиётида етакчи тармоққа айланиши, халқаро бозорда муносиб мавқега эга бўлиши, унинг ёрдамида бошқа ишлаб чиқариш соҳаларининг юқори самарадорликка эришиш, биринчи галда, пахта хомашёси таннархини имкон қадар пасайтиришга боғлиқ.

Иккинчи муҳим масала, соҳага инвестицион ресурсларнинг чуқур маркетинг тадқиқотлари, аниқ ҳисоб-китоблар асосида жалб этилиши. Жаҳон бозорида муносиб рақобат кўрсата олиши учун Ўзбекистоннинг тўқимачилик кластерлари Туркиянинг компанияларига ўхшаб кенгайиши лозим. Инвестицион фаолиятни улар қайси шаклда жалб этилишидан қатъий назар, экспорт борасида энг юқори натижаларга эришган компанияларни йириклаштириш томон такомиллаштирилиш лозим. Чунки уларда корпоратив бошқарув тизими, маркетинг хизмати муайян даражада йўлга қўйилган. Шунинг ҳисобига улар хорижга турли хил ва юқори сифатли трикотаж маҳсулотлари экспортини кўпайтириш имкониятига эга.

Учинчи масала, тўқимачилик кластерларини малакали маҳаллий кадрлар билан таъминлаш лозим. Ҳозир биздаги соҳа корхоналарининг деярли барчасида хорижий техник ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Узоқ йиллар пахтачилик соҳасини юқори малакали агроном ва ҳисобчи, саноат корхоналарини эса техник ходимлар, иқтисодчи ва маркетологлар билан таъминлашга иккинчи даражали масала сифатида қараб келинди. Бу масалалар тўла ҳал этилмас экан, юқори ҳосилдорлик ва сифатга эга пахта етиштириш, халқаро стандартларга мос келадиган тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.

Илҳом ВАФОЕВ,

иқтисодчи.