Украина президенти Қора денгизда иккита ҳарбий база қурилиши ҳақида эълон қилди

Украина Қора денгизда иккита ҳарбий денгиз базасини қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленский ҳар йили Юқори радага қилинадиган мурожатида маълум қилди.

“Биз Қора денгиз минтақасини ҳимоя қилиш учун иккита Украина давлат денгиз ҳарбий базасини қуришни бошлаймиз”, деди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Киев Украина ҳудудларини бериб юборишга йўл қуймайдиган армия ташкиллаштирмоқда. Қримни “жангсиз” бериб юборганлар эса жавобгарликка тортилиши шарт.

“Биз Украинани қуруқликда, сувда, ҳавода ва кибер-маконда ҳимоя қила оладиган украин армиясини барпо этмоқдамиз. Токи, бизнинг суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизга тажовуз қилиш ортиқ ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасин. Токи, ҳеч ким Украина ҳудудларини бир дона ҳам ўқ отмасдан тортиб олса бўлади, деган хаёлга бормасин”, деди президент.

Шу билан бирга, унинг асосий устувор вазифалари “Донбассда тинчлик ўрнатиш ва Қримни қайтариш” эканлигини алоҳида таъкидлади.