Украина президентида коронавирус инфекцияси аниқланди
Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
«Менинг иситмам 37,5, лекин барчага 36,6 бўлишини тилайман. Ўзимни яхши ҳис қиляпман», дея хабар қилди у.
Давлат раҳбари «кўпчилик COVID‘ни енгди, мен ҳам енгаман», дея ўз вазифаларини изоляцияда давом эттиришини таъкидлаган.
Мамлакатда сўнгги ҳафталарда касалликни юқтирганлар сони ошиб бормоқда. Фавқулодда ҳолат режими йил охиригача сақланиб қолади. 5 ноябрь куни мамлакатда яна бир антирекорд ўрнатилди – бир суткада 9850 кишида COVID-19 аниқланди. Шу билан бирга соғайганлар сони ҳам ортмоқда. 5 ноябрда соғлиқни сақлаш вазирлиги 8378 тузалиб чиққан беморларни қайд этди.
Ҳозирда Украина оғир эпидемиологик вазиятга қараб тўртта карантин зоналарига ажратилган. Ҳукумат қўшимча чекловлар киритишни режалаштирмоқда. Гап ҳафта охири дам олиш куни карантини ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. «Биз Европа жазм этган тўлиқ локдаун киритолмаймиз», дея таъкидлади соғлиқни сақлаш вазири Максим Степанов.