Ургутнинг Мерганча ва Навбоғ маҳаллаларидаги кўп қаватли уйлар табиий газ билан таъминланди. Қолганларида таъмирлаш ишлари кетяпти

Zarnews.uz сайтида “Мурожаатдан кейин ҳам Ургутдаги кўп қаватли уйларга табиий газ берилмаяпти” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Ургут тумани марказидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг табиий газ масаласидаги муаммолари ёритилган. Мазкур мурожаат “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали томонидан ўрганиб чиқилди ва қуйидагилар маълум қилинади.

Ургут шаҳридаги Навбоғ маҳалласида 16 та, Мерганча маҳалласида 11 та, Боғишамол маҳалласида 13 та, жами 40 та кўп қаватли уйлар мавжуд. Ургут тумани магистрал газ қувурларининг энг чекка нуқтасида жойлашганлиги ва сўнгги йилларда табиий газга бўлган талаб бирмунча ортганлиги туфайли тумандаги кўп қаватли уйларда газ босими кескин пасайиб кетган. Газ босими ушбу ҳудуд аҳолисини қониқтирмаганлиги, шунингдек, мазкур кўп қаватли уйларга “зангори олов”ни бир меъёрда етказиб беришнинг техник имкони мавжуд бўлмаганлиги ҳудудда бир неча йил аввал табиий газ таъминоти тўхтатилишига сабаб бўлган.

2020-2021 йиллар куз-қиш мавсуми олдидан туманнинг Навбоғ ва Мерганча маҳаллаларидаги кўп қаватли уйларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида газ етказиб беруви газ тақсимлаш қувурлари (ГТҚ) жорий таъмирланди. Юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари компрессор ёрдамида зичликка ва мустаҳкамликка синалиб, ҳаво ёрдамида тозаланди.

Жорий йилнинг 1 ноябрь санасидан Мерганча ва Навбоғ маҳаллаларидаги кўп қаватли уйлар табиий газ билан таъминланди.

Ҳозирда Навбоғ маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйларда газ таъминотини янада яхшилаш учун 800 п/м d- 219 мм. бўлган қўшимча газ тармоғи тортилиб, улаш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳудуддаги Навоий шоҳ кўчасида жойлашган d-219 мм. ер ости ўрта босимли, узунлиги L-2,2 километрли газ тармоғи ҳам қайта таъмирланмоқда.

Боғишамол маҳалласидаги 13 та икки қаватли уйлар 1970-1974 йилларда қурилган бўлиб, бугунги кунда табиий газ тармоқлари эскириб, фойдаланиш учун яроқсиз бўлганлиги туфайли, лойиҳалаш институти мутахассисларининг таклифига биноан, суюлтирилган газга мослаштирилиб, маҳсулот етказиб берилмоқда.

Шунингдек, ушбу маҳалладаги 13 та кўп қаватли уйларни 2021 йилда капитал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, газ тармоқларини ҳам янгилаш кўзда тутилган.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.