Халқ таълими миллий рейтингида Самарқанд тўрт поғона юқорилади
Халқ таълими соҳасида миллий рейтинг тизими натижалари жорий йил иккинчи марта эълон қилинмоқда. 2019-2020 ўқув йили якуни бўйича миллий рейтинг натижаларига кўра, Самарқанд вилояти халқ таълими тизими ўтган йилги натижани яхшилаб, республикада 9-ўринни эгаллади (ўтган йил 13-ўринда эди).
Хўш, миллий рейтинг нима? У қайси тамойиллар асосида аниқланади? Бунда вилоят халқ таълими тизими қайд этган натижанинг ютуқ ҳамда камчилиги нимада? Айни пайтда жамоатчилик томонидан берилаётган ана шу мазмундаги саволларга Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад УСМОНОВ жавоб берди.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида умумтаълим муассасалари рейтингини тузиш топшириғи белгиланган, - дейди С.Усмонов. - Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг қарори қабул қилинди, танловнинг йўл харитаси тасдиқланди. 2019 йил 1 январдан бошлаб илк бор давлат инспекцияси томонидан туман ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тузилди. Бу қуйидаги тўрт йўналиш бўйича аниқланадиган бўлди:
- битирувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлиги ва таълим сифати даражаси;
- 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси;
- мактабларда олий ва биринчи тоифали педагог ходимларининг улуши;
- ижтимоий сўров, яъни мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароит ва ўқитиш муҳитининг ҳолати.
- Умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлашдан мақсад нима ва рейтинг баҳолаш тизими бизга нима беради?
- Умумтаълим муассасалари рейтинги – умумий ўрта таълим тизимида таълим сифатини оширишга қаратилган ички ислоҳот бўлиб, бунда ўқувчилар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик тизимда бўлаётган ўзгаришлар ва таълим муассасаларидаги ҳолатлар ҳақида шаффоф маълумотларга эга бўлади.
Мактаблар рейтинги – халқ таълими тизимининг қандай ишлаётганлигини кўрсатиб турувчи мезон. Рейтинг орқали умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти самарадорлигига баҳо берилади, таълим сифатини мониторинг ва назорат қилиш таъминланади.
Рейтингнинг мақсади умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш орқали республикамиз умумий ўрта таълим мактабларида соғлом рақобат муҳитини яратишга қаратилган.
Мактаблар фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий қилишнинг яна бир аҳамиятли томони PISA, TIMSS ва PIRLS халқаро ўқувчилар билимини баҳолаш дастурлари даражасига олиб чиқишда таълим муассасаларига кўмаклашиш ва таълим сифатини халқаро андозаларга яқинлаштиришдир.
- Вилоят халқ таълими бошқармаси миллий рейтингда янада юқори ўринларни эгаллаши учун қандай тадбирлар ишлаб чиқди? Улар амалиётга нечоғли қўлланиляпти?
- Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2018-2019 ўқув йилида вилоятимиздан 121 та мактаб танлаб олиниб, юқоридаги индикатор (йўналишлар) орқали баҳоланган эди. Афсуски, мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларининг пастлиги, ўқитувчиларимиз малака тоифаларининг қониқарсизлиги ва бир қанча омиллар сабабли Самарқанд ўзига номуносиб ўринни эгаллаганди.
Биз бундан хулоса қилдик ва мазкур салбий натижа асосида вилоятдаги барча мактабларнинг таълим сифатини бутунлай қайта кўриб чиқишга киришдик. Бу борада вилоят халқ таълими бошқармасининг йўл хариталари тузилиб, туманлар кесимида таҳлил қилиб борилди. Очиғини айтганда, аввало, мактаб директори, ўқитувчининг ўз иши, таълим сифатини оширишга бўлган ҳаракатига эътибор қаратдик.
Чунки, бугун халқ таълими ходимининг олдига қўйилган талаб, таълим сифатини оширишга қаратилган ислоҳотларни ҳазм қила олмайдиган айрим мактаб директорлари ва ўқитувчилар бор. Уларни ишдан олиш, ўрнига бошқасини қўйиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Аксинча, масалани уларга тушунтиришга, муаммо моҳиятини етказишимизга тўғри келди. Шунинг учун вилоятнинг энг олис ҳудудларигача бориб, мактаб директорлари, ўқитувчилар билан юзма-юз учрашяпмиз. Бунда мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичлари, фан ўқитувчилари ўртасида “Устозлар беллашуви”ни ўтказишнинг ҳолати, ўқитувчиларни малака тоифалари учун ўтказилаётган тест синовларига кенгроқ жалб этиш доимий эътибор марказимизда бўлмоқда. Албатта, бу ҳаракатларимиз ўз ижобий натижасини кўрсатяпти.
Жорий йил таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ташкил этилган миллий рейтингда вилоятимиздан 125 та мактаб иштирок этди. Унда ўқувчиларимиз умумтаълим муассасаларининг математика фанидан ёзма иш натижалари бўйича 20,1 балл тўплаб, республикада биринчи ўринни эгаллади. Пахтачи туманидаги 2-мактаб (77,78 балл), Пайариқ туманидаги 5-мактаб (70,00 балл), Каттақўрғон туманидаги 3-мактаб (66,67) ўқувчиларининг математик саводхонлик даражаси юқорилиги билан ушбу ижобий натижага эришилди. Она тили фанидан олинган диктантда эса 70,55 балл билан вилоятимиз республикада тўртинчи ўринни қайд этди. Яъни, диктант ёзишга жалб этилган Пайариқ туманидаги 5-мактабнинг 20 нафар ўқувчисидан 16 нафари “аъло” баҳо олди.
Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари орасида энг юқори натижага эришган 20 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари орасида Самарқанддан 1 та, яъни Иштихон туманидаги 1-ИДУМ муносиб ўрин олди. Битирувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлиги ва таълим сифати, 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси асосида энг юқори натижа қайд этган мактаблар ўнталигининг 6- ва 7-ўринларидан Жомбой туманидаги 53-мактаб (53,8) ҳамда Каттақўрғон шаҳридаги 1-мактаб (53,4) муносиб жой олди.
Ижтимоий сўров, яъни мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар ва ўқитиш муҳитининг ҳолати бўйича ўтказилган сўровномада 7-ўрин қайд этилди.
Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар кўрсаткичлари бўйича энг қуйи натижа қайд этилгани вилоятимизда бу борадаги муаммоларни яққол кўрсатиб қўйди. Битирувчиларимизнинг ОТМга ўқишга кириш кўрсаткичлари ҳам худди шундай натижани кўрсатди.
- Миллий рейтинг натижалари туман ва шаҳарлар кесимида ҳам таҳлил қилиняптими?
- Албатта. Жорий йилги миллий рейтинг натижалари ўтган йилгиси билан қиёсланмоқда. Буни биз вилоятдаги барча мактаблар кесимида ҳам таҳлил қилиб, жойларда бевосита мактаб директорлари, ўқитувчилар иштирокида муҳокама қиламиз.
Миллий рейтинг натижаларига кўра, Самарқанд вилояти ўтган йилги натижадан тўрт поғона юқорилаб, республикада 9-ўринни эгаллади. Тўғри, илм-фан ўчоғи саналган Самарқанддек вилоятга бу натижа ярашмайди. Бироқ бу ўтган қисқа муддат ичида камчиликларимиздан хулоса қилиб, фаолиятимизда ўзгариш ясаганимизнинг натижаси.
Бу натижаларни биз ҳар бир мактаб кесимида қайта кўриб чиққан ҳолда вилоят рейтингини тузамиз. Халқ таълими соҳасида амалиётга татбиқ этилаётган ҳар қандай ижобий малака ва тажрибаларни энг чекка ҳудудлардаги мактабларимизда ҳам амалиётга татбиқ этамиз. Ўқитувчиларимизнинг билим даражасини, уларнинг малака тоифаларини ошириш мақсадида олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаймиз. Мактабларда фан ўқитувчисининг изланиши, билимини оширишга қаратилган “Устозлар беллашуви”ни қатъий белгиланган тартибда жорий қиламиз.
Абдуҳошим ЗИЁДОВ суҳбатлашди.