13 нафар бола Германияда даволанади
Вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Германиянинг халқаро “Friedensdorf International” хайрия ташкилоти ҳамкорлигида тиббий кўрик ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Жиззах, Навоий вилоятларида яшовчи, куйишдан кейинги асоратлари мавжуд, шунингдек, таянч ҳаракатида жиддий нуқсонлар бўлган болалар германиялик ва маҳаллий шифокорлар кўригидан ўтди.
– Германиянинг ушбу хайрия ташкилоти билан 20 йилдан ортиқ вақтдан буён ҳамкорлик қиламиз, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Самарқанд вилояти ҳудудий филиали раҳбари Раҳима Раҳмонова. – Ўтган давр мобайнида улар юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи, асосан куйишдан кейинги ёки таянч ҳаракатида жиддий нуқсонлари мавжуд 450 нафарга яқин болани Германияга олиб бориб, мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажардилар, зарур муолажалар амалга оширилди. Бугун ҳам 100 нафарга яқин болани текширувдан ўтказиб, операцияга жуда муҳтож бўлган 13 нафар бола танлаб олинди.
Самарқандлик 16 ёшли Чинора Жўрақулова Даун синдроми билан туғилган. Онасининг айтишича, бундан бир йил аввалги бахтсиз ҳодиса оқибатида бола 25 фоиз куйиш жароҳати олган. Шифокорлар текшируви давомида у операцияга муҳтож эмаслиги айтилиб, зарур дори-дармонлар тавсия этилди. Жиззахлик 5 ёшли Фаёзжон Акрамовга эса Германияда даволаниши кераклиги ҳақида хулоса берилди.
– Уч йил олдин бахтсиз ҳодиса оқибатида ўғлим 80 фоиз куйиш жароҳатини олганди, – дейди унинг онаси, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидан келган Нилуфар Ҳакимова. – Тошкентда операция қилдирдик, бармоқларининг ораси очилди, аммо асоратлари ҳали кўп. Юз соҳаси, танасидаги баъзи аъзолари нормал ҳолатга қайтиши учун кўп муолажа керак экан. Бугун шифокорлар ўғлимни Германияда даволаш учун рўйхатга олишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун куйиш оқибатида оғир ҳолатларга тушиб қолаётган болалар сони мамлакатимизда кескин камайган. Маълумотларга кўра, 2015 йилда германиялик мутахассислар самарқандлик 15 нафар шундай ҳолатдаги боланинг операцияси ва муолажаларига ёрдам берган, бемор болалар йиллаб Германияда даволанишига тўғри келган. Бугун эса куйиш тан жароҳати олган болалар сони Жиззах, Навоий, Самарқанд вилоятида 13 нафарни ташкил этмоқда.
Кўрик давомида “Friedensdorf International” халқаро хайрия ташкилоти томонидан қандли диабетга чалинган 190 нафар болага глюкометр аппарати берилди. Шунингдек, юрагида нуқсони бўлган 35 нафар боланинг жарроҳлик амалиёти учун ҳам зарур миқдордаги маблағ ташкилот томонидан ажратилиши айтилди.