Кенгашга ҳисобдорлик масъулияти

30 июль куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз саккизинчи сессияси ўтказилди.

Сессия ишини Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Депутатлар сессия кун ва иш тартибини, котибни тасдиқладилар.

Мурожаатга муносабат ўзгариши керак

Сессияда дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиевнинг жорий йил 6 ойи давомида вилоятдаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти тингланди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сон қарори билан тасдиқланган “Туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларнинг ишларини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомда белгиланган вазифалар секторлар ва айрим давлат ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан лозим даражада бажарилмаган. Бунинг оқибатида Халқ қабулхоналарига кўплаб мурожаатлар тушган. Жумладан, Иштихон тумани Халқ қабулхонасида 1036 та, Ургут туманида 1106 та, Оқдарёда 1016 та, Паст Дарғом тумани Халқ қабулхонасида 958 та мурожаат қайд этилган. 

Секторлар кесимида кўрадиган бўлсак, 1-секторлар ҳудудидан 3911 та,

2-сектордан 3050 та, 3-сектордан 4004 та ва 4-сектордан жами 2915 та мурожаат келган.

Мурожаатларни қаноатлантириш даражаси таҳлил қилинганда бу кўрсаткич Каттақўрғон шаҳрида 48,5 фоизни, Қўшработда 45,5, Булунғур туманида 44,5, Жомбойда 43,1 фоизни ташкил этгани маълум бўлди. 

М.Турдиев ўз ахборотида сектор раҳбарларининг жойларда ўтказган сайёр қабулларида қайд этилган мурожаатларни ҳал қилиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” билан ишлашда жиддий камчиликларга йўл қўйилганини таъкидлади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий кенгашларда секторлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитганда, ушбу масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди. 

Норма ижодкорлиги ва адлия

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг вилоятда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ахборотида қайд этилишича, йил бошидан буён бошқарма томонидан вилоят ҳокимлигининг 13 та, туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликларининг 33 та норматив-ҳуқуқий тусга эга қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 43 тасига ижобий хулосалар берилган, 3 таси белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги учун қайтарилган.

Норма ижодкорлиги соҳасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган бўлишига қарамасдан Жомбой, Булунғур, Ургут туманлари ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимликларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти ўрганилганда, мазкур ҳокимликлар томонидан 93 та хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида 5 та тақдимнома киритилиб, 15 та қарор ва фармойишлар бекор қилинди. 

- Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 июнь куни қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишларини маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон — “E-qaror” тизими орқали ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш тартиби белгиланди – деди С.Нуриев. – Мазкур тартиб билан маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай қарор ва фармойишлар электрон шаклда қабул қилинмоқда. Бу эса норма ижодкорларидан алоҳида масъулият ва билим талаб этади. Шунинг учун маҳаллий ҳокимликлардаги норма ижодкорлиги билан шуғулланадиган масъул ходимларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйсак мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Ҳисобот даврида давлат органлари ва ташкилотлари иш фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилаётганлиги юзасидан 472 марта назорат тадбирлари, хусусан ўрганиш ва мониторинглар ўтказилди. Ушбу тадбирларда 81 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Қонун ҳужжатларининг нотўғри қўлланилиши билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларининг 8974 таси Нарпай туманида, 8234 таси Самарқанд туманида, 7512 таси Ургутда, 4684 таси Самарқанд шаҳрида кузатилган. 

Депутатлар ахборот юзасидан ўз фикрларни билдириб, норма ижодкорлиги соҳасида адлия органлари маҳаллий ҳокимликлар, давлат ташкилотларига яқиндан ёрдам бериши зарурлигини қайд этди.

Прокуратура – тадбиркорлар ҳимоячиси

Сессияда вилоят прокурори Р.Машариповнинг вилоятда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижроси, берилган имтиёз ва преференциялар қўлланилишининг қонунийлиги ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ тадбирлар, ҳужжатлар ижроси юзасидан прокурор назорати тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилди.

Вилоят прокурорининг таъкидлашича, биргина жорий йилнинг биринчи ярмида прокуратура ходимлари томонидан 681 нафар тадбиркорга кредит, ер, бино ажратиш, коммуникация тармоқларига уланиш, лицензия ва рухсатнома расмийлаштиш ҳамда бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди. Прокурорлар ёрдами билан 424 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 150 тасининг фаолияти қайта тикланди ва 1467 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланди.

Бу борада ўтказилган назорат тадбирлари натижасига кўра 14 та тақдимномалар киритилиб, 8 та протестлар келтирилди, 13 нафар мансабдор шахслар маъмурий ҳамда интизомий жавобгарликка тортилди. Тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб судларга 1 миллиард 185 миллион сўм ундириш тўғрисида даъво аризалар киритилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 3 та жиноят иши қўзғатилган, 17 нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган. 

Тадбиркорларга нисбатан жиноят иши қўзғатишдан олдин вилоят прокурорининг хулосасини олиш тартиби жорий этилиши натижасида вилоятда турли органлар томонидан 47 нафар тадбиркорга жиноят иши қўзғатилишининг олди олинди.

Р.Машарипов вилоятда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ишлари назорат тадбирлари орқали ўрганилганда 2019-2020 йиллар ва 2021 йилнинг 6 ойи давомида 59 минг нафарга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилмаганлиги, 51 минг нафар болалар соғломлаштирилмаганлиги аниқланганини афсус билан қайд этди. 

Вилоятда наслий касалликлар ҳамда ногиронлик билан туғиладиган чақалоқлар туғилишини олдини олиш борасида самарали ишлар ташкил қилинмаётганлиги оқибатида болаликдан ногиронлиги бўлган болалар сони йилдан-йилга ошиб борган. Хусусан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатида вилоятда 16 ёшгача бўлган 13476 нафар ногиронлиги бўлган болалар ҳисобга олинган.

Сессияда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши ва қайтарилиши устидан олиб борилаётган мониторинг ишлари бўйича Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғи О.Тўхтаев ҳамда масъул банклар раҳбарларининг ҳисоботи кўриб чиқилди. Депутатлар ушбу масалани кейинги сессияларда батафсил муҳокама қилиш зарурлигини қайд этди.

Шунингдек, депутатлар юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш), вилоят бош архитекторининг Самарқанд шаҳридаги “Университет хиёбони”ни ободонлаштириш, батафсил режалаштириш лойиҳасини тасдиқлаш, бўш турган давлат мулки объектларини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали аукцион савдоларига чиқариш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалаларни ҳам кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилдилар.