Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Етмиш яшар онахоннинг 23 минг сўмлик даъвоси

Судья бўлганимга бир ой тўлмаган, шу сабаб суд раиси мени аяб, соддароқ ишларни берар эди.

Бир куни менинг иш юритувимга шаҳардаги бир ошхона даъвогар, жавобгар эса шаҳар электр тармоқлари корхонаси кўрсатилган, даъво талаби йигирма уч минг сўмлик хўжалик иши берилди.

Даъво ариза билан танишиб чиқиб, хотиржам бўлдим. «Судья бўлмасимдан аввал судларда ҳуқуқий вакил сифатида, даъво қиймати миллион сўмлар бўлган ишларга қатнашган бўлсам, ҳаяжонга ўрин йўқ» дедим-да, ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайинладим.

Аммо даъво қиймати ўша вақтнинг нархларини инобатга олганда, назарга илинмас бу иш бутун умр хотирамда муҳрланиб қолишини хаёлимга келтирмаган эканман…

Суд мажлисига даъвогар ошхонанинг вакили бўлиб, бошига оқ рўмол ташлаган, асога суянган ҳисобчи онахон келди. Жавобгар томонидан эса шаҳар электр тармоқлари корхонасининг икки нафар ҳуқуқшунослари қатнашди.

Даъвогар вакили онахон суд мажлиси очиқ, деб эълон қилинишидан олдин илтимоснома билан судга мурожаат этди:

- Ҳурматли раислик этувчи, суд биноси ҳовлисида бухгалтерия курси талабалари, менинг ўқувчиларим кутиб туришибди. Улар суд мажлиси залига киритилишига рухсат берсангиз.

Суд мажлиси очиқ бўлганлиги учун, мен талабаларни суд залига киритишга рухсат бердим. Бир зумда суд зали талабалар билан тўлди.

Суд жараёни тафсилотларини батафсил баён қилишнинг иложи йўқ. Аммо ёдимга тушса, мени ҳозирга қадар ҳаяжонга соладиган ҳолатни келтириб ўтишим лозим. Онахон электр таъминотида узилиш бўлиб, ошхона музлатгичи ишламаганлиги сабабли унда сақланаётган масаллиқлар – 3 килограмм гўшт, 2 литр сут, беш боғлам кўкат истеъмолга яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли жавобгардан яроқсиз бўлиб қолган масаллиқлар қийматини, жами 23 минг сўм етказилган зарарни ундиришни сўради.

Электр тармоқлари корхонаси ҳуқуқшунослари даъво талабини тинглаб, “Бор-йўғи йигирма уч минг сўм экан-ку, шунга ҳам ота гўри қозихонами?..”, деб мийиғида кулиб қўйишди. Аммо вазифаларига кўра, корхона манфаатларини ҳимоя қилишга мажбур эди. Шу боис онахонга “энсали” қарашлар қилиб, даъво талабига қарши важлар келтира бошлашди.

Онахон жавобгар вакиллари келтирилган ҳар бир важларни қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида, шошилмасдан, мулойимлик билан пучга чиқаришни бошлади.

Жавобгар вакилларидан бири “Онахон, даъво талаби атиги йигирма уч минг сўм бўлса, сизга шу ташвишлар зарурми?”, деб залда ўтирган талабаларга ишора қилди ва «судни-ку майли, яна шунча халқни овора қилибсиз, тўлаб берамиз зарарни, онахон», деди.

– Оворагарчилиги борми, мирза болам, мен бу ерга маблағ истаб келмадим, биз ҳуқуқимизни тиклаш учун келдик, - деди онахон. – Ҳуқуқ бузилса, унинг катта кичиги бўлмайди. Ҳуқуқ, бурч ва ўзаро шартлашилган мажбуриятлар жамиятни тартибда сақлаб, тараққиётга етаклайди. Ҳуқуқий жамиятнинг ўзаги бу ҳуқуқ ва мулк. Агар бизда ўз ҳуқуқини билиш, уни ҳимоя қилиш истаги туғилмас экан, жамиятнинг ривожи ҳақида ўйлашнинг ҳожати йўқ. Ҳуқуқни билиш ва уни ҳимоя қилиш истагини инсонда пайдо бўлишига фақат ва фақат мулк сабаб бўла олади. Ҳа, ўша қайсидир ғоялар қоралган хусусий мулк. Қарангки, болам, биз бу ерга (онахон талабаларга ишора қилди) билим ва ҳимояни ўрганишни ҳам истаб келибмиз…

Ошхона - бу мулк, болажоним. 23 минг сўм даъво талаби эса - бу ҳуқуқ. Агар биз катта ёки кичик мулкимизга бўлган ҳуқуқимизни билиб, кафолатини талаб қилиб, ҳимоя қила олганимизда эди электр тармоғида содир бўлаётган авария ва узилишлар ҳафталаб эмас, балки дарҳол ёки қисқа муддатларда бартараф этилган, ўша сиз айтган ҳудудларнинг электр энергия таъминоти чеклови жадвалида белгиланган навбатга риоя этилган ва энг муҳими, давлатимизда электр энергия танқислигининг ечими тезроқ топилган бўлармиди?  Мана, ҳуқуқ ва хусусий мулк кафолати, инсонни, давлат органларини ва ниҳоят, жамиятни нималарга ундайди, уларни қанчалик сергак, тадбирли ва тартибли тутади. Мени бир оёғим гўрда, вақтим ҳам қолмади. Лекин ўқувчиларимнинг, сизнинг ҳурматли жавобгар вакили ва ҳурматли раислик этувчининг жамиятимиз тараққиёти учун, хусусий мулк кафолатини таъминлаш учун вақтингиз бор.

Мирза болам, бу даъво талабимни етмиш яшар кампирнинг ҳуқуқий давлат қурилишига қўшган кичкина улуши деб билинг...

Суд мажлиси якунида иш юзасидан жавобгардан, даъвогар ҳисобига 23 минг сўм етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорни эълон қилаётиб, ҳаяжонимни босишим қийин бўлди.

Суд мажлиси ёпиқ деб эълон қилингандан сўнг онахон барча билан хайрлашиб, талабалари ёрдамида суд залидан чиқиб кетди.

Мен онахон билан яна бирон иш юзасидан учрашиб қоламан, деб умид қилдим. Аммо учрашмадик. Бир куни шаҳарда машинада кетаётиб, ўша ошхонанинг номи ёзилган пештахтага кўзим тушди. Машинани йўл чеккасига олдимда, ошхонага кирдим. Мени баланд бўйли, кўзлари онахоннинг кўзларига ўхшаган бир йигит қарши олди.

– Марҳамат ака, тушлик қиласизми?

– Йўқ, мен шу ошхона ҳисобчиси Сожида аяни сўраб келгандим, - дедим.

Йигитни юзига маъюслик югурди, бошини эгиб, “Ая ўтганларига уч ой бўлди”, деди.

Мен узримни сўраб чиқаётган эдим, йигит “Ака сиз ким бўласиз? Бирон хизмат бўлса айтаверинг, мен набиралариман” деди.

– Аллоҳ раҳмат қилсин аяни, - деб юзимга фотиҳа тортдим-да, бир зум ўйланиб, “Мен шогирдлариман” дедим…

Алишер ҲАМРОЕВнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди.