1983 йил: “СамДУ ёшига яна 500 йил қўшишингизга тўғри келади”

Яқинда «Халқ сўзи» газетаси мухбирининг Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов билан «Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон» мавзусидаги суҳбатини ўқиб 1983 йилларда бўлиб ўтган бир воқеа ёдимга тушди.

Ўша йилнинг 1-3 октябрь кунлари эди. Самарқанд давлат университетида «Математик физиканинг нокоррект масалалари» бўйича Бутуниттифоқ конференцияси бўлиб ўтди. Унда одатга кўра, собиқ иттифоқчи Республикаларининг йирик олимлари қатнашди. Жумладан, СССР ФА академиклари А.Н.Тихонов, М.М.Лаврентьевлар ҳам бор эди. Озарбайжон Республикасидан илмий раҳбарим, профессор М.Яқубов (Боку университетида аспирантурани ўтаганман) ва турли университет вакиллари ташриф буюришган.

Танаффусда М.Яқубов мени академиклар - А.Тихонов, М.Лаврентьев ва А.Отахўжаевларнинг суҳбатига қўшилишим учун чақирди. Суҳбат давомида Тихонов Отахўжаев томонга қараб, “Самарқанд давлат университети неча ёшда”, деб сўраб қолди. Шунда Отахўжаев “1977 йилда университетнинг 50 йиллигини кенг нишонладик”, дейиши билан Тихонов: «Ҳурматли Акбар Қосимович, бу санага яна камида 500 йил қўшишларингизга тўғри келади. Бу университетнинг ташкил этилганини Улуғбек мадрасаси билан боғлаш керак. Бу фактни бутун Европа олимлари тан олган. Улуғбек мадрасасини улар академия, деб ҳисоблашган. Унда диний фанлардан ташқари, табиий фанлар, математика, физика, география ва бошқа фанлар ҳам ўқитилган. Буни сиз қўрқмасдан, баланд овоз билан матбуотда кўтаришларингиз керак. Самарқанд университети Совет иттифоқидаги энг кўҳна университетлардан биридир. Бу масалада биз ҳам сизларни қўллаб-қувватлаймиз», деб айтганига шоҳид бўлдим. Даврада қатнашган собиқ иттифоқнинг йирик математикларидан бири саналган академик М.М.Лаврентьев ҳам Тихоновнинг сўзларини маъқуллади.

Қудрат АЙМАТОВ,

СамДУ доценти, меҳнат фахрийси.