“Ақлли” ҳисоблагич фойдаланилган газни меъёрдан кўп ҳисоблаяптими?
Каттақўрғон шаҳридаги Яккабоғ маҳалласида яшовчи Саодат Шодмонова уйига ўрнатилган янги “ақлли” газ ҳисоблагич меъёрдан кўп ҳисоблаётганлигидан норози бўлиб “Kattaqo’rg’onshahargaz” бўлимига мурожаат қилди.
- Янги ҳисоблагич аввалгиларидан кўра кўп ҳисоблаяпти. Илгари қиш кунлари бир ойга 100-200 минг тўлаганмиз. Яқинда январь ойида қарздорлигим учун ҳисоблагич ўчиб қолди. 2 миллионга яқин тўлаганимдан сўнг ёнди, - деди С.Шодмонова.
“Kattaqo’rg’onshahargaz” бўлими мутахассисларининг айтишича, Саодат Шодмонова хонадонига 2020 йилнинг июль ойида “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилган. Мазкур ускуна ТАМ дастурига уланиб, ўчиб қолмагунча у тўловларни амалга оширмаган.
- Истеъмолчининг эски ҳисоблагичида ҳам қарздорлик бўлган. Устига-устак, 7 ойлик қарздорлик йиғилиб қолгандан сўнг албатта кўп ҳисоблагандек кўринади. Мана, қаранг, истеъмолчи 2020 йилнинг июнь ойидан буён 3600 метр/куб газ истеъмол қилган. Буни ойма-ойга бўлганида ўртача 173 минг сўмдан тўғри келмоқда, - дейди “Kattaqo’rg’onshahargaz” бўлими инспектори Дилшод Диёров.
Ўрганишлар давомида фуқаро С.Шодмонова уйида газ плита ва ҳаммомдан ташқари газ иситиш печларидан фойдаланаётгани аниқланди. Ушбу ускуналарнинг ёндиргичларини энергия тежовчисига алмаштирилса, 30 фоиз пулни иқтисод қилиши тушунтирилди.
“Kattaqo’rg’onshahargaz” бўлими раҳбари Шавкат Абдусаломовнинг айтишича, ҳисоблагич ўрнатилган маҳаллалар таҳлил қилинганида истеъмолчиларнинг тўлов маданияти анча ошган. Биргина Каттақўрғон шаҳар Яккабоғ маҳалласининг 2021 йил январь ойи ҳолатига табиий газдан қарздорлиги 1 миллиард 60 миллион сўмдан кўпроқни ташкил этган бўлса, янги ўрнатилган ҳисоблагичлар электрон дастурга улангандан сўнг маҳалладаги табиий газдан қарздорлик 30-40 фоизга камайган. Шунингдек, “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг аҳоли истеъмол қилган газнинг пулини ўз вақтида тўлашга ўрганяпти.
Самарқанд шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласига “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилганлигига икки ойдан ошди. Бу ерда яшовчи оқсоқоллар ҳисоблагичдан мамнун.
- Менга ҳисоблагичнинг ёққан тарафи, кунлик истеъмолни онлайн ҳисобини юритар экан, инспектор ҳар куни келиб эшигингизни тақиллатмайди.Энг муҳими, ҳисоблагичга ўрнатилган редуктор газ тақсимлаш қутиси вазифасини бажарар экан. Энди кечалари “газ баланд бўлиб кетди” деб “кўча боши”ни безовта қилиб юрмаймиз. Менинг ёшимдагилар “газ, светни ҳисоб-китоб” қилиб ўрганган. Улар ойма-ой тўловларни тўлашади деб ўйлайман. Ҳисоб-китобларимга кўра, илгари ойига қанча тўлаган бўлсак, ҳозир ҳам шунча тўлаяпмиз, - деди етмиш ёшли отахон Субҳон Норқулов.
Айни кунларда Президентимизнинг 2020 йил 24 сентябрдаги «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Самарқанд вилоятидаги хонадонларга электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
Ҳозирча вилоят бўйича 34 мингдан ортиқ хонадонга «ақлли» газ ҳисоблагичлари ўрнатилди, 31 мингдан ортиқ истеъмолчининг газ ҳисоблагичлари «BillingGaz» тизимига уланди. Айни кунларда Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида ҳисоблагич ўрнатиш ишларига 20 дан ортиқ қурилиш-монтаж фирмалари, 170 дан зиёд бригадалар жалб қилинган. Нуробод туманида ҳам электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланди.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.